АсосийБУ ҚИЗИҚ

Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 7,3 млн сўмни ташкил этди

Энг паст кўрсаткичлар соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида — 4 млн 454,2 минг сўм, таълим соҳасида эса 5 млн 15,2 минг сўм миқдорида қайд этилган.

'Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 7,3 млн сўмни ташкил этди'ning rasmi

Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 7 млн 274,1 минг сўмга етди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18 фоиз кўп. Бироқ медиана иш ҳақи 4,2 млн сўм атрофида шаклланган.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ҳудудлар кесимида энг юқори ўртача ойлик иш ҳақи Тошкент шаҳрида қайд этилган — 12 млн 300,8 минг сўм. Кейинги ўринда Навоий вилояти 8 млн 820,5 минг сўм билан қайд этилган.

Тошкент вилоятида ўртача ойлик иш ҳақи 6 млн 889,9 минг сўмни ташкил этган. Бухоро вилоятида бу кўрсаткич 5 млн 840,9 минг сўм, Андижон вилоятида 5 млн 765,4 минг сўм, Сирдарё вилоятида эса 5 млн 736 минг сўмга тенг бўлган.

Қорақалпоғистон Республикасида ўртача иш ҳақи 5 млн 676,8 минг сўмни, Хоразм вилоятида 5 млн 623,2 минг сўмни, Жиззах вилоятида 5 млн 506,4 минг сўмни ташкил этган.

Наманган, Фарғона ва Самарқанд вилоятларида бу кўрсаткич мос равишда 5 млн 395,9 минг, 5 млн 383,3 минг ва 5 млн 373,4 минг сўм бўлган. Сурхондарё вилоятида ўртача ойлик иш ҳақи 4 млн 988,9 минг сўмни, Қашқадарё вилоятида эса 4 млн 969,7 минг сўмни ташкил этган.

Иқтисодий фаолият турлари бўйича энг юқори маош банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик соҳасида қайд этилган — 19 млн 712,6 минг сўм. Ахборот ва алоқа соҳасида ўртача иш ҳақи 17 млн 6,9 минг сўм, ташиш ва сақлаш соҳасида 11 млн 269,2 минг сўм бўлган.

Саноат соҳасида ўртача ойлик иш ҳақи 8 млн 365,9 минг сўмни, савдода 7 млн 694,4 минг сўмни, қурилишда 7 млн 138,1 минг сўмни ташкил этган.

Энг паст кўрсаткичлар соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида — 4 млн 454,2 минг сўм, таълим соҳасида эса 5 млн 15,2 минг сўм миқдорида қайд этилган.

Шунингдек, статистика қўмитасининг экспериментал ҳисоб-китобларига кўра, 2026 йил январь–август ойларида республика бўйича медиана иш ҳақи 4 млн 166,3 минг сўмни ташкил қилган.

Медиана иш ҳақи — ходимларнинг ярми ундан кам, қолган ярми эса ундан кўп маош оладиган кўрсаткичдир. Шу сабабли у иш ҳақининг аҳоли орасида қандай тақсимланганини ўртача кўрсаткичга нисбатан бошқача акс эттиради.

    Бошқа янгиликлар