АсосийБУ ҚИЗИҚ

Ўзбекистонда 1 ноябрдан нималар ўзгаради?

1 ноябрдан мактабларда янги дастур жорий этилади, кексалар учун музейларга чегирмалар берилади, реклама хабарларига чекловлар ўрнатилади.

'Ўзбекистонда 1 ноябрдан нималар ўзгаради?'ning rasmi

1 ноябрдан Ўзбекистонда бир қатор янги тартиб ва имтиёзлар кучга кириши кутилмоқда. Мактаб ўқувчиларига инсульт белгиларини аниқлаш ўргатилади, кексалар учун музей ва тарихий обидаларга кириш чипталари арзонлашади, реклама хабарларини тарқатишга чекловлар жорий этилади. Шунингдек, эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам ажратиш, иссиқхона хўжаликларини қўллаб-қувватлаш ва бошқа йўналишларда ҳам ўзгаришлар назарда тутилган.

Мактаб ўқувчиларига инсульт белгиларини аниқлаш ўргатилади

1 ноябрдан умумтаълим мактабларида "FAST — суперқаҳрамонлар" халқаро таълим дастури босқичма-босқич жорий этилади. Дастур 1–4-синф ўқувчиларига инсультнинг дастлабки белгиларини таниш ва фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилишни ўргатишга қаратилган.

Дастлаб машғулотлар Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги еттита, шунингдек, Самарқанд шаҳри, Каттақўрғон ва Иштихон туманларидаги олтита мактабда ташкил этилади.

Ўқувчиларга юзда асимметрия пайдо бўлиши, қўлда кучсизлик кузатилиши ва нутқ бузилиши инсульт аломати бўлиши мумкинлиги тушунтирилади. Бундай ҳолатда катталарга хабар бериш ва "103" рақами орқали тез тиббий ёрдам чақириш ўргатилади.

Мактабларда кузги таътил бошланади

Умумтаълим мактабларида кузги таътил 4 ноябрдан бошланади. Амалдаги тартибга кўра, таътил олти календарь кун давом этади.

Шунга мувофиқ, ўқувчилар 4–9 ноябрь кунлари дам олади. Иккинчи чорак дарслари эса 10 ноябрдан бошланади.

Кексалар учун музей ва тарихий обидаларга чипталар арзонлашади

1–30 ноябрь кунлари мамлакатда "Кексалар учун туризм ойлиги" ўтказилиши белгиланган. Ушбу ташаббус доирасида кекса ёшдаги фуқаролар учун маданий мерос объектлари, давлат музейлари ва музей-қўриқхоналарга кириш чипталарига 50 фоизлик чегирма берилиши назарда тутилган.

Мазкур имтиёз кексаларнинг мамлакатдаги тарихий обидалар ва маданий масканларга ташриф буюриш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Реклама хабарлари ва қўнғироқларига чекловлар жорий этилади

1 ноябрдан товарлар, ишлар ва хизматларни реклама қилувчи SMS-хабарларни юбориш учун фуқаронинг олдиндан ёзма ёки электрон розилигини олиш талаб этилади.

Шунингдек, соат 18:00 дан 09:00 гача телекоммуникация тармоқлари орқали реклама қўнғироқлари ва хабарларини тарқатишга чеклов жорий этилиши кўзда тутилган.

Эҳтиёжманд оилаларга 1 миллион сўмдан ёрдам берилиши мумкин

Эҳтиёжманд оилаларга бир марталик 1 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам ажратиш масаласи ҳам кун тартибида. Бу президент фармони лойиҳасида назарда тутилган таклиф бўлиб, уни амалга ошириш тартиби тегишли ҳужжатнинг қабул қилинишига боғлиқ.

Лойиҳага кўра, ёрдам Ижтимоий реестрга киритилган оилалардан ташқари, маҳалла еттилиги хулосаси асосида даромади белгиланган мезонларга мос келадиган айрим оилаларга ҳам ажратилиши мумкин.

Шунингдек, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган оилаларни ҳам қўллаб-қувватлаш назарда тутилган. Лойиҳада маблағларни 30 ноябрга қадар ижтимоий ёки банк карталарига ўтказиш таклиф қилинган.

"Яшил макон" доирасида 140 миллион туп кўчат экилади

Ноябрь ойидан "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида кузги кўчат экиш мавсуми бошланади. Жорий мавсумда мамлакат бўйлаб 140 миллион туп кўчат экиш режалаштирилган.

Ҳудудларда кўчат экиш ишлари қуйидаги муддатларда бошланади:

  • 1 ноябрдан — Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида;

  • 5 ноябрдан — Бухоро ва Навоий вилоятларида;

  • 10 ноябрдан — Андижон, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё, Наманган, Тошкент ва Фарғона вилоятлари, шунингдек, Тошкент шаҳрида;

  • 20 ноябрдан — Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида.

Мавсум давомида 257 та "Яшил боғ" ва "Яшил жамоат парки"ни ташкил этиш ҳам режалаштирилган. Шунингдек, мактаб ва боғчалар ҳудудлари, кўп қаватли уйлар ораси ҳамда ер майдони чекланган маҳаллаларда микроўрмонлар барпо этиш кўзда тутилган.

Халқаро курьерлик жўнатмалари учун божхона йиғими камаяди

1 ноябрдан халқаро курьерлик жўнатмаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш учун ундириладиган йиғим ставкасини 20 фоизга камайтириш белгиланган.

Шу билан бирга, белгиланган талабларга жавоб берадиган транспорт-логистика марказларини 2040 йилгача ер ва мол-мулк солиқларидан озод қилиш назарда тутилган.

Бундан ташқари, тегишли реестрга киритилган марказларга республикада ишлаб чиқарилмайдиган айрим омборхона ускуналари ва юк ортиш-тушириш техникасини 2029 йил 1 августга қадар божхона божисиз олиб кириш имконияти берилиши белгиланган.

Энергия тежамкор иссиқхоналар харажатларининг бир қисми қопланади

1 ноябрдан энергия тежамкор технологиялардан фойдаланадиган иссиқхона хўжаликларига электр энергияси харажатларининг 50 фоизини қоплаш учун субсидия ажратиш тартиби бошланиши белгиланган.

Ушбу имтиёз 2026 йил 1 ноябрдан 2030 йил 1 апрелга қадар амал қилиши назарда тутилган. Субсидия октябрь–март ойларида истеъмол қилинган электр энергияси қийматига нисбатан ҳисобланади.

Бунда иссиқликни тежовчи махсус қопламалар, иссиқлик насослари, геотермал ва қуёш орқали иситиш тизимлари ҳамда бошқа энергия самарадор ускуналардан фойдаланадиган иссиқхона хўжаликлари назарда тутилган.

Патруль-пост ва қўриқлаш хизматларининг вазифалари кенгаяди

1 ноябрдан патруль-пост ва қўриқлаш хизматлари ходимларининг айрим вазифалари кенгайтирилиши белгиланган. Жумладан, улар "112" тизими орқали келиб тушган жиноят ва ҳодисалар ҳақидаги хабарларга, шунингдек, турар жой биноларида содир бўлган айрим ҳолатларга тезкор жавоб қайтариши керак бўлади.

Патруль йўналишлари маҳаллаларнинг ички кўчаларини ҳам қамраб олади. Ходимлар тирбандликларни бартараф этиш, йўллардаги ҳуқуқбузарликларга муносабат билдириш ва жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ишларида иштирок этади.

Йўл-патруль хизмати ходимларининг жамоат тартибини сақлашга оид айрим ваколатлари ҳам кенгайтирилиши назарда тутилган. Жумладан, жамоат жойларида чиқинди ташлаш ва спиртли ичимликлар истеъмол қилиш билан боғлиқ айрим маъмурий ҳуқуқбузарликларга нисбатан чора кўриш ваколатлари белгиланган.

Мисрга кириш бўйича янги талаблар кечиктирилди

Аввалроқ Мисрга саёҳат қилувчи Ўзбекистон фуқаролари учун 1 ноябрдан янги кириш талабларини жорий этиш режалаштирилган эди. Бироқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатнинг Қоҳирадаги элчихонаси олиб борган музокаралар натижасида ушбу тартибни жорий этиш муддати 2027 йил 1 мартга қадар кечиктирилди.

Шу сабабли ўзбекистонлик сайёҳлар 2027 йил 1 мартга қадар Шарм аш-Шайх ва Синай яриморолига амалдаги тартиб асосида визасиз саёҳат қилишда давом этиши мумкин.

    Бошқа янгиликлар