Тошкентда 1 ноябрга ўтар кечаси ҳаво сифати кескин ёмонлашиб, халқаро AQI индекси бўйича "жуда носоғлом" даражага кўтарилди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳаво ифлосланиши ярим тунда энг юқори нуқтага етган. Бунга ҳарорат инверсияси, ҳавонинг совиши ва шамол тезлигининг секундига 1 метр атрофида бўлгани сабаб бўлган. Натижада зарарли PM2.5 ва PM10 заррачалари ерга яқин қатламда тўпланган.
Тунги ўлчовларда шаҳарнинг етти туманида PM2.5 кўрсаткичи халқаро AQI бўйича "хавфли" тоифага мос келган.
Прогнозларга кўра, 1 ноябрь куни Тошкентда ҳаво сифати носоғлом даражада сақланиб қолиши мумкин. Уни яхшилаш мақсадида ҳокимликларга фаввораларни мунтазам ишлатиш, кўчалар ва йўл бўйларини ювиш топширилган.






