Тошкент халқаро аэропортида йўловчиларнинг бағажидан белгиланган тартибда декларация қилинмаган 28 та мобиль қурилма аниқланди. Бу ҳақда "Тошкент-АЭРО" ихтисослаштирилган божхона комплекси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, қурилмалар жисмоний шахслар учун белгиланган божсиз олиб кириш меъёридан ортиқ бўлган. Улар орасида 9 та iPhone 18 Pro Max, 5 та iPhone 17, шунингдек, iPhone ва Samsung брендларининг бошқа моделлари бор.
Айрим йўловчилар ўзларига тегишли бўлмаган, бошқа шахслар томонидан берилган қурилмаларни ҳам олиб ўтишга урингани қайд этилган.
Аниқланган мобиль қурилмаларнинг дастлабки умумий қиймати 432 миллион 850 минг сўмга баҳоланган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан текширув тадбирлари олиб борилмоқда.






