Ўзбекистонда тегишли лицензияга эга бўлмасдан «Умра» зиёратини ташкил этишга уринган икки шахс қўлга олинди. Улар уч нафардан фуқарони Саудия Арабистонига юборишни ваъда қилиб, пул талаб қилган. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Самарқанд шаҳрида ички туризм соҳасида фаолият юритувчи сайёҳлик фирмаси ходими уч нафар фуқарони «Умра» зиёратига юбориш эвазига ҳар биридан 1200 доллардан, жами 3600 доллар талаб қилган. ДХХнинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда у пулни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунга ўхшаш ҳолат Гулистон шаҳрида ҳам аниқланган. 1974 йилда туғилган шахс Тошкентда фаолият юритувчи турфирма орқали уч нафар фуқарони Саудия Арабистонига юборишни ваъда қилиб, бунинг эвазига 3300 доллар ва 1,2 миллион сўм олган вақтида қўлга олинган.
Қайд этилишича, «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолияти махсус лицензия асосида амалга оширилиши белгиланган.
Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






