АсосийЖИНОЯТ

Бухорода “гашиш” сотган уч киши 5 йилдан ортиқ муддатга қамалди

Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

'Бухорода “гашиш” сотган уч киши 5 йилдан ортиқ муддатга қамалди'ning rasmi

Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида кўп миқдордаги “гашиш” гиёҳвандлик воситасини сотиш билан шуғулланган уч нафар шахс суд ҳукми билан 5 йил 3 ойдан 5 йил 6 ойгача озодликдан маҳрум этилди.

Маълум қилинишича, Ғиждувон тумани ички ишлар органлари тезкор ходимлари томонидан гиёҳвандлик воситалари савдосига қарши махсус тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбир давомида гумонланувчилардан бири шартли харидордан пластик карта орқали 1 миллион сўм пул олган. Шундан сўнг у келишилган гиёҳвандлик воситасини ресторан олдидаги автотураргоҳда турган автомобилнинг тагига яшириб кетган.

Гуруҳнинг бошқа иштирокчилари ҳам шунга ўхшаш усулдан фойдаланган. Улар гиёҳвандлик воситалари учун тўловларни пластик карта орқали қабул қилиб, моддаларни кўчадаги симёғоч остига яшириб қолдирган. Тезкор тадбир давомида ушбу шахслар қўлга олинган.

Экспертиза хулосасига кўра, ашёвий далил сифатида олинган ўткир ҳидли, ёпишқоқ ва мумсимон моддалар кўп миқдордаги “гашиш” гиёҳвандлик воситаси экани тасдиқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, жиноят иши айблов хулосаси билан судга оширилган.

Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди ҳукмига кўра, уч нафар судланувчи гиёҳвандлик воситаларини кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотишда айбдор деб топилган. Уларнинг ҳар бирига 5 йил 3 ойдан 5 йил 6 ойгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

    Бошқа янгиликлар