Фарғонадаги давлат боғчаларида 105 нафар боланинг оммавий заҳарланишига сабаб бўлган “Garden Catering Trade” МЧЖ раҳбари ва технологига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Аввалроқ судланувчилар суд залида қамоқдан озод қилинган эди. Бу ҳақда Фарғона вилояти судлари ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, жиноят иши Фарғона вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг кассация инстанциясида кўриб чиқилган. Унда ЖИБ Фурқат туман судининг 2026 йил 21 сентябрдаги ҳукмининг “Garden Catering Trade” МЧЖ раҳбари Ш.Т. ва технологи Р.А.га оид қисми бекор қилинган.
Кассация инстанцияси уларга нисбатан янги айблов ҳукмини чиқариб, Жиноят кодексининг 59 ва 61-моддалари тартибида МЧЖ раҳбари Ш.Т.га 4 йил, технологи Р.А.га эса 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 105 нафар боланинг боғчада овқатдан заҳарланишига сабаб бўлган мазкур корхона мансабдорлари суд залида қамоқдан озод қилинган эди. ЖИБ Фурқат туман судининг 2026 йил 21 сентябрдаги ҳукми билан уларга нисбатан ахлоқ тузатиш ишлари ва озодликни чеклаш жазолари тайинланганди.
Судланувчилар болаларнинг оммавий заҳарланишига сабаб бўлган қилмишларидан ташқари ўғрилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳамда ҳужжатларни қалбакилаштиришда ҳам айбли деб топилган.
Ўшанда Фарғона вилояти судлари судланувчиларга жазо тайинлашда уларнинг қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлгани, муқаддам судланмагани, жабрланувчиларга етказилган зарар тўлиқ қоплангани ва жабрланувчиларнинг қонуний вакиллари даъвоси йўқлигини инобатга олганини билдирганди.
Воқеа қандай содир бўлганди?
2026 йил 20 февраль куни Фарғона шаҳридаги айрим давлат мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болалар ўртасида оммавий заҳарланиш ҳолати кузатилганди. Аниқланишича, мазкур боғчаларга тайёр таомлар аутсорсинг асосида Қувасой шаҳрида фаолият юритувчи “Garden Catering Trade” МЧЖ томонидан етказиб берилган.
Кейинчалик корхона давлат боғчаларига овқат етказиб бериш учун танловсиз жалб қилингани ҳам маълум бўлган.
Хусусан, 2024 йил 25 июль куни Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг қарори билан Қувасой шаҳридаги давлат боғчаларида кейтеринг тизимини жорий этиш белгиланган. Қарорга кўра, ташкил этилганига атиги бир ой бўлган “Garden Catering Trade” МЧЖнинг овқат тайёрлаш ва етказиб бериш бўйича таклифлари маъқулланган.
30 июль куни вилоят ҳокимлиги тайёр таомларни етказиб бериш тизими синов тариқасида жорий этилаётганини маълум қилган. 1 августдан бошлаб эса компания тендер ва танловларсиз беш ой давомида боғчаларга озиқ-овқат етказиб бериш ҳуқуқини қўлга киритган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2024 йил июль ойида Фарғона вилоятидаги давлат мактабгача таълим муассасаларида овқатланишни ташкил этиш жараёнида қатор қоидабузарликларни аниқлаган.
Жумладан, вилоят ҳокимининг 2024 йил 25 июлдаги 402-11-0-Қ/24-сонли қарори билан “Garden Catering Trade” МЧЖ Қувасой ва Фарғона шаҳарларидаги мактабгача таълим ташкилотларига таом етказиб берувчи сифатида тўғридан-тўғри танлангани маълум бўлган. Агентлик мазкур қарор “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июлдаги 626-сонли қарори талабларига зид қабул қилинганини билдирган.
Шундан сўнг агентлик вилоят ҳокимлигига қонунбузилишларни бартараф этиш, хизмат кўрсатувчини рақобатли харид асосида танлаш, масъул шахсларга нисбатан чора кўриш ва келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан тақдимнома киритган. Бироқ ҳокимлик томонидан кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш бўйича амалий чоралар кўрилмаган.
Шунингдек, болаларнинг заҳарланиши билан боғлиқ воқеадан кейин “Garden Catering Trade” МЧЖ таъсисчиси ҳам ўзгарган. 2026 йил 23 февраль куни корхона таъсисчиси сифатида Бозоров Иқболжон Хабибуллоевич қайд этилган бўлса, орадан икки кун ўтиб, 25 февраль куни таъсисчилик Ғофуров Мўйдинжон Абдумўминовичга ўтказилган.






