АсосийЖИНОЯТ

Тошкентда икки нафар шахс буюртма асосида фуқароларни олиб қочмоқчи бўлди

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

'Тошкентда икки нафар шахс буюртма асосида фуқароларни олиб қочмоқчи бўлди'ning rasmi

Тошкент шаҳрида икки нафар шахс буюртма асосида фуқароларни мажбуран олиб кетишга уринган. Улардан бирига нисбатан амалга оширилган жиноий ҳаракат барбод бўлган, яна бир фуқарони ҳам ўғирлаш режалаштирилгани аниқланган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар берди.

Маълум қилинишича, Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаментига бир фуқаро мурожаат қилиб, номаълум шахслар уни автомашинада олиб қочишга урингани, бироқ қаршилик кўрсатиб, қочиб қолганини билдирган.

Мазкур мурожаат асосида тезкор тадбир ўтказилиб, ҳодисага алоқадор икки нафар шахс қўлга олинган. Улар 2003 ва 1998 йилларда Тошкент шаҳрида туғилган бўлиб, муқаддам Жиноят кодексининг 169-моддаси билан судлангани маълум бўлган.

Гумонланувчиларга тегишли автомашина кўздан кечирилганда, унинг юкхонасидан бир дона ўткир тиғли болта топилиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Тезкор тадбир давомида уларнинг телефонлари ҳам текширилган. Натижада Телеграм мессенжерида буюртмачи билан олиб борилган ёзишмалар аниқланган. Унда биринчи фуқарони ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам буюртмачига етказиш вазифаси юклатилгани маълум бўлган.

Бундан ташқари, ёзишмаларда яна бир фуқарони ҳам мажбуран олиб келиш топшириғи берилгани, зарур ҳолатда уни электрошокер билан уриб, ҳушидан кетказиш орқали олиб кетиш режалаштирилгани қайд этилган.

Маълум бўлишича, гумонланувчилар иккинчи фуқаронинг ишхонаси олдида қарийб тўрт соат кутиб турган. Бироқ унинг хизмат сафарига кетганини билгач, режаларини бошқа кунга қолдирган.

Мазкур ҳолат юзасидан икки нафар шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 137-моддаси 2-қисми "б" ва "в" бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

    Бошқа янгиликлар