Наманган вилоятида Қирғизистондан Ўзбекистонга ноқонуний равишда 301 минг 462 дона пиротехника буюмларини олиб киришга уриниш аниқланди. Шунингдек, транспорт воситасидан 700 дона тиббиёт дори воситаси ҳам топилди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси, Чегара қўшинлари, Ички ишлар ва Божхона идоралари ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.
Унда Қирғизистондан Ўзбекистонга кириб келган "КамАЗ" русумли юк машинаси ва унга уланган "Самро" русумли ярим тиркама "Учқўрғон" чегара-божхона постида тўхтатилиб, текширилди.
Текширув давомида ярим тиркаманинг пол қисми остига яширилган, хорижда ишлаб чиқарилган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган 10 турдаги жами 301 минг 462 дона пиротехника буюми аниқланди. Шунингдек, 700 дона "Стекловидное тело" номли тиббиёт дори воситаси топилди.
Баҳолаш ҳисоботига кўра, пиротехника буюмларининг умумий қиймати 817 миллион 716 минг сўмни, дори воситаларининг қиймати эса 2 миллион 128 минг сўмни ташкил этган.
Ҳолат юзасидан транспорт воситасини бошқарган, Фарғона вилояти Қувасой туманида яшовчи, 1980 йилда туғилган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 250¹-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






