АсосийСИЁСАТ

Ўзбекистон мис ишлаб чиқаришни кескин оширмоқчи

Мамлакатда мис ишлаб чиқариш ҳажмини 2030 йилгача 500 минг тоннага етказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев электротехника саноати вакиллари билан учрашувда маълум қилди.

'Ўзбекистон мис ишлаб чиқаришни кескин оширмоқчи'ning rasmi

Шавкат Мирзиёев 9 ноябрь куни электротехника саноати вакиллари, тадбиркорлар ва инвесторлар билан учрашув ўтказди. Унда мис ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, соҳага инвестициялар жалб қилиш ва экспортни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, сўнгги 10 йилда электротехника саноатига 2 миллиард доллар инвестиция киритилиб, 413 та янги ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилган. Натижада маиший техника, қуёш панеллари, электрон ҳисоблагичлар ва юқори кучланишли трансформаторлар каби 100 дан ортиқ турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Жорий йилда соҳада маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 50 триллион сўмга етган. Таққослаш учун, 2016 йилда бу кўрсаткич 1,7 триллион сўмни ташкил этган. Инвестициялар ҳажми 600 миллион доллар, экспорт эса 1,6 миллиард долларга етган. Сўнгги 10 йилда экспорт 14 баробар ошган.

Президент эришилган натижалар мавжуд имкониятларга нисбатан етарли эмаслигини таъкидлаб, соҳани янада жадал ривожлантириш зарурлигини қайд этган.

Электротехника саноати учун муҳим хомашёлардан бири бўлган мис ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда 3-мис бойитиш фабрикаси ишга туширилган. Унинг ҳисобига мис ишлаб чиқариш ҳажмини 300 минг тоннага, 2030 йилга бориб эса 500 минг тоннага етказиш режалаштирилган.

Шунингдек, мамлакатда қуёш ва шамол электр станциялари, энергия сақлаш қувватлари барпо этилмоқда. Ҳудудларда кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Келгуси 10 йилда ҳамкорлар билан 450 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш мақсад қилинган.

Таъкидланишича, бу электротехника маҳсулотлари учун катта ва узоқ муддатли бозорни шакллантиради. Ўзбекистоннинг мис ва муҳим минераллар захиралари, салоҳиятли ёшлари, тажрибали тадбиркорлари ҳамда ҳамкорликка тайёр инвесторлари мавжуд. Эндиликда ушбу имкониятларни янги технологиялар ва ишланмалар билан бирлаштириш муҳимлиги қайд этилган.

    Бошқа янгиликлар