АсосийСИЁСАТ

Мирзиёев ШҲТ давлатлари махсус хизматлари ҳамкорлигини кучайтириш зарурлигини таъкидлади

Мурожаат якунида форум иштирокчиларига самарали иш ва Ўзбекистондаги учрашувларининг мазмунли ўтишини тилаган.

'Мирзиёев ШҲТ давлатлари махсус хизматлари ҳамкорлигини кучайтириш зарурлигини таъкидлади'ning rasmi

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар, кузатувчи ва мулоқот бўйича шерик мамлакатлар махсус хизматлари вакилларига мурожаат йўллади. Давлат раҳбари замонавий таҳдидларга қарши курашишда халқаро ҳамкорлик, ўзаро ахборот алмашиш ва махсус хизматлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.

Президентнинг мурожаати 6 ноябрь куни Хавфсизлик масалалари бўйича “ШҲТ плюс” биринчи экспертлар мулоқоти иштирокчиларига йўлланган.

Давлат раҳбари форумнинг очилиши билан иштирокчиларни қутлаб, Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлагани ва мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшаётган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирган.

Таъкидланишича, жорий йилда ШҲТ ташкил этилганига 25 йил тўлади. Ўтган чорак аср давомида ташкилот халқаро ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш бўйича умумий ёндашувларни ишлаб чиқишнинг муҳим майдонига айланган.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ташкилотнинг ҳаммуассисларидан бири сифатида унинг барқарорликни таъминлаш ва инклюзив тараққиётга кўмаклашишдаги ролини янада кучайтиришдан манфаатдор эканини қайд этган.

Президентнинг айтишича, бугунги кунда геосиёсий кескинликнинг кучайиши, давлатлар ўртасидаги қарама-қаршиликларнинг чуқурлашиши ва қуролли можароларнинг авж олиши жаҳондаги вазиятнинг асосий хусусиятларига айланмоқда.

Шу билан бирга, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, муҳим инфратузилмаларни ҳимоя қилиш ва давлатларнинг турли бузғунчи таъсирларга нисбатан барқарорлигини ошириш масалалари тобора долзарб бўлиб бормоқда.

Давлат раҳбари рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва глобал коммуникация воситаларининг жадал ривожланиши янги имкониятлар билан бирга жиддий хавф-хатарларни ҳам келтириб чиқараётганига эътибор қаратган.

Унинг таъкидлашича, кибермакон нафақат техник ҳужумлар, балки жамоатчилик онгини бошқариш ва ёлғон ахборот тарқатиш каби воситалар қўлланилаётган асосий тўқнашув майдонларидан бирига айланмоқда.

Айниқса, террорчилик ташкилотларининг интернет платформаларидан радикал ғояларни тарғиб қилиш, янги тарафдорларни жалб этиш ва маблағ тўплаш мақсадида фойдаланаётгани жиддий ташвиш уйғотмоқда.

Мурожаатда ёшлар бузғунчи кучлар таъсирига тушиб қолиши мумкин бўлган энг заиф қатламлардан бири сифатида қайд этилган. Бундай кучлар ёшлар онгига мақсадли таъсир кўрсатиш, ижтимоий зиддиятлардан фойдаланиш ва тоқатсизлик ғояларини тарқатишга уринмоқда.

Президент бу жараёнлар миллатлараро ва динлараро тотувликка путур етказиши, мамлакатлардаги ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштириши мумкинлигини таъкидлаган.

Шу муносабат билан хавф-хатарларга фақат улар юзага келгандан кейин жавоб қайтариш эмас, балки уларнинг олдини олиш, эрта аниқлаш, ўзаро ахборот алмашиш ва миллий хавфсизлик салоҳиятини мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилган.

“Ҳеч бир давлат чегара билмайдиган таҳдидларга якка ўзи тўлиқ қарши тура олмайди”, деган мазмундаги фикрни илгари сурган Шавкат Мирзиёев халқаро ҳамкорлик, ўзаро ишонч ва амалий ҳамкорлик механизмларининг аҳамиятини алоҳида таъкидлаган.

Президентнинг фикрича, ШҲТнинг янги таҳдидларга ўз вақтида жавоб бериш ва янада барқарор дунёни шакллантиришда самарали иштирок этиши кўп жиҳатдан ташкилотга аъзо давлатлар махсус хизматларининг яқин ҳамкорлигига боғлиқ.

Давлат раҳбари экспертлар мулоқоти иштирокчилари долзарб хавф-хатарларни муҳокама қилиш билан бирга, халқлар хавфсизлиги ва мамлакатларнинг барқарор тараққиётини таъминлашга қаратилган амалий ҳамкорлик йўналишларини ҳам белгилаб олишига ишонч билдирган.

    Бошқа янгиликлар