АсосийСИЁСАТ

Шавкат Мирзиёев тиббиёт ва фармацевтика ходимларини байрам билан табриклади

Давлат раҳбари тиббиёт ва фармацевтика ходимларини яна бир бор касб байрами билан табриклаб, уларга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт ва шарафли фаолиятларида муваффақият тилади.

'Шавкат Мирзиёев тиббиёт ва фармацевтика ходимларини байрам билан табриклади'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларини касб байрами — Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни билан табриклади.

Давлат раҳбари ўз табригида инсон саломатлигини асрашдек олижаноб ишга ўз ҳаётини бағишлаган тиббиёт ходимларининг фидокорона меҳнатини алоҳида эътироф этди.

Таъкидланишича, сўнгги йилларда соҳага ажратилаётган маблағлар ҳажми 7 баробарга оширилиб, жорий йилда 49 триллион сўмга етказилган. Тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, уларга замонавий диагностика ва даволаш технологиялари жорий этилмоқда.

Шунингдек, бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизими янгиланиб, инфаркт ва инсультга қарши курашиш, онкологик ҳамда гематологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича миллий тизимлар шакллантирилган.

Президент рақамлаштириш борасидаги ишларга ҳам тўхталди. Хусусан, DMED электрон ахборот тармоғи орқали 38 миллиондан зиёд аҳолининг тиббий картаси яратилган. “Электрон поликлиника”, “Электрон шифохона” ва “Электрон рецепт” тизимлари йўлга қўйилмоқда.

Қайд этилишича, давлат тиббий суғуртаси доирасида “Маблағ бемор ортидан боради” тамойили жорий этилган. Жорий йил охиригача барча ҳудудларда суғурта механизмларини тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган.

Шу билан бирга, 2017 йилдан буён тиббиёт олийгоҳларига қабул квотаси 4,5 баробарга ошган. Ҳозирда ушбу олийгоҳларда 41 та давлатдан келган талабалар таҳсил олмоқда, хорижлик талабалар сони эса 15 минг нафардан ошган.

Мамлакатда хусусий тиббиёт ҳам жадал ривожланмоқда. Сўнгги ўн йилда хусусий клиникалар сони 3,5 мингтадан 9 мингдан зиёдга етган. Маҳаллий корхоналарда эса 6 800 дан ортиқ турдаги дори воситалари ишлаб чиқарилмоқда.

Президент мамлакатда ўртача умр кўриш давомийлиги 73,8 ёшдан 75,4 ёшга етганини қайд этиб, келгусида бу кўрсаткични 78 ёшга етказиш вазифаси турганини таъкидлади.

Давлат раҳбари тиббиёт ва фармацевтика ходимларини яна бир бор касб байрами билан табриклаб, уларга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт ва шарафли фаолиятларида муваффақият тилади.

    Бошқа янгиликлар