6 ноябрь куни Остона шаҳрида Ақаба жараёни доирасида Марказий Осиё давлатлари етакчиларининг учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилишича, учрашув самарали ва конструктив руҳда ўтган. «Чатем-Хаус» қоидаси асосида ташкил этилган мулоқотда халқаро ва минтақавий хавфсизлик, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, сунъий интеллект ривожланиши билан боғлиқ янги таҳдидлар ҳамда уларга қарши биргаликда чора кўриш масалалари муҳокама қилинган.
Таъкидланишича, бундай халқаро мулоқот майдонлари нафақат глобал масалаларни муҳокама қилиш, балки икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашиш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Тадбир доирасида Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов билан учрашув ва суҳбатлар ўтказган.
Шунингдек, Озарбайжон Миллий Мажлиси раиси Соҳиба Ғаффорова, Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев ҳамда Ақаба жараёни модератори, НАТОнинг Европадаги Бирлашган қуролли кучлари Олий бош қўмондони собиқ ўринбосари Эдриан Брэдшоу билан ҳам мулоқот қилган.






