АсосийСИЁСАТ

Мирзиёев Ақаба жараёни доирасидаги учрашувда қандай ташаббусларни илгари сурди?

Президент янги технологияларни таҳдидлар манбаига эмас, балки тинчлик, хавфсизлик ва инсон тараққиётини таъминлашнинг самарали воситасига айлантириш зарурлигини қайд этди.

'Мирзиёев Ақаба жараёни доирасидаги учрашувда қандай ташаббусларни илгари сурди?'ning rasmi

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 6 ноябрь куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Ақаба жараёни доирасида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учрашувида иштирок этди. Унда сунъий интеллект соҳасида хавфсизликни таъминлаш, янги технологик таҳдидларга қарши курашиш ва минтақавий ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Иордания Подшоҳи Абдулла II, шунингдек, Озарбайжон ва Қирғизистоннинг юқори даражали вакиллари ҳам қатнашди.

Мулоқот давомида халқаро ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, рақамли технологиялар ривожи билан боғлиқ янги хавф-хатарларнинг олдини олиш масалалари кўриб чиқилди. Айниқса, ёшлар орасида радикаллашувнинг олдини олиш ва давлатлар ўртасида тажриба алмашишга алоҳида эътибор қаратилди.

Шавкат Мирзиёев ўз нутқида хавфсизлик ва барқарорликка таҳдидлар кучайиб бораётган шароитда Ақаба жараёнининг аҳамиятини таъкидлади. Унинг қайд этишича, сунъий интеллект инсоният учун улкан имкониятлар яратиш билан бирга, янги хавфларни ҳам юзага келтирмоқда. Шу боис сифатли таълим ва инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шароит яратиш хавфсизликнинг муҳим асосларидан бири ҳисобланади.

Давлат раҳбари маърифат ва илмга интилиш анъаналарини замонавий илм-фан ютуқлари билан уйғунлаштириш мақсадида "Инсон манфаатлари йўлида рақамли тараққиёт" ташаббусини илгари сурди.

Ушбу ташаббус сунъий интеллект имкониятларидан билимларни кенг тарқатиш, давлатлар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва инсон камолоти учун янги имкониятлар яратиш йўлида фойдаланишни назарда тутади.

Шунингдек, Ўзбекистон Президенти БМТнинг Сунъий интеллектни бошқариш масалалари бўйича глобал мулоқотини қўллаб-қувватлади.

Глобал саъй-ҳаракатларга амалий ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистонда БМТ Аксилтеррор бошқармасининг минтақавий офисини очишга тайёрлик билдирилди. Мазкур тузилма террорчилик мазмунидаги материаллар ҳақида огоҳлантириш каналларини ишга тушириш, терроризмни молиялаштириш ҳолатларини аниқлаш, мутахассислар малакасини ошириш ва бу жараёнларда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланишга кўмаклашиши мумкин.

Бундан ташқари, Ислом цивилизацияси маркази негизида "Рақамли даврда жаҳолатга қарши маърифат" халқаро дастурини йўлга қўйиш таклиф этилди.

Дастур доирасида кўп тилли ахборот ресурсларини яратиш, диний арбобларни рақамли ахборот муҳитида фаолият юритишга тайёрлаш ҳамда ислом динининг инсонпарварлик қадриятларини тарғиб қилаётган ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш назарда тутилган.

Шавкат Мирзиёев сўзининг якунида сунъий интеллектнинг келажаги нафақат технологик тараққиётга, балки ундан қандай мақсадларда фойдаланишга ҳам боғлиқ эканини таъкидлади.

Президент янги технологияларни таҳдидлар манбаига эмас, балки тинчлик, хавфсизлик ва инсон тараққиётини таъминлашнинг самарали воситасига айлантириш зарурлигини қайд этди.

    Бошқа янгиликлар