АсосийЖИНОЯТ

Сурхондарёда 5,3 килограмм опийни сотмоқчи бўлган икки киши ушланди

Ҳолат юзасидан фуқароларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

'Сурхондарёда 5,3 килограмм опийни сотмоқчи бўлган икки киши ушланди'ning rasmi

Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида умумий оғирлиги 5 килограмм 362 грамм бўлган опий моддасини сотишга уринган икки нафар фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ДХХнинг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ДХХ Чегара қўшинлари ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда Термиз шаҳрида яшовчи, 1972 ва 1995 йилларда туғилган икки нафар фуқаро шартли харидорга гиёҳвандлик моддасини сотаётган вақтида ушланган.

Тадбир давомида беш дона ўрамдаги, умумий оғирлиги 5 килограмм 362 грамм бўлган опий моддаси ашёвий далил сифатида мусодара қилинган.

Тергов маълумотларига кўра, ушбу гиёҳвандлик воситалари икки фуқарога қўшни Афғонистондаги наркокурьерлар томонидан етказиб берилган.

Қайд этилишича, қўлга олинган шахсларнинг бири аввал ўғрилик, иккинчиси эса гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноят содир этгани учун судланган.

Ҳолат юзасидан фуқароларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Айни вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар