АсосийЖАМИЯТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Ўзбекистонда рухсатномасиз ишлаган чет эл фуқаролари 4,4 млн сўм жарима тўлайди

Ўзбекистонда меҳнат фаолиятини амалга ошириш тартибини бузган хорижликларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

'Ўзбекистонда рухсатномасиз ишлаган чет эл фуқаролари 4,4 млн сўм жарима тўлайди'ning rasmi

Ўзбекистонда меҳнат фаолиятини амалга ошириш тартибини бузган чет эл фуқароларига нисбатан жарима белгиланмоқда. Жумладан, ишлаш учун рухсатномаси бўлмаган ёки ҳужжатда кўрсатилмаган фаолият билан шуғулланган хорижликлар 4,4 миллион сўм жарима тўлаши мумкин. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг 28 ноябрь куни бўлиб ўтган мажлисида маълум қилинди.

Сенаторлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартиришларни назарда тутувчи қонунни маъқуллади. Унга кўра, Ўзбекистонда меҳнат қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатсиз ишлаган, рухсатномасининг амал қилиш муддати тугаганидан кейин ҳам фаолиятини давом эттирган ёки рухсатномада кўрсатилмаган иш билан шуғулланган чет эл фуқаролари ва доимий равишда бошқа давлатда яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик қўлланилади.

Хусусан, қоидабузарларга 10 баравар базавий ҳисоблаш миқдорида, яъни 4,4 миллион сўм жарима солинади. Бунинг учун кодексга янги 49⁶-модда киритилмоқда.

Агар ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида такрор содир этилса ёки белгиланган жарима тўланмаса, хорижий фуқаро Ўзбекистон ҳудудидан маъмурий тартибда чиқариб юборилиши мумкин. Бундан ташқари, унинг мамлакатга кириш ҳуқуқи уч йилгача чекланади.

Қайд этилишича, амалдаги қонунчиликда чет эл фуқароларининг меҳнат фаолиятини амалга ошириш тартибини бузгани учун уларнинг ўзларига нисбатан бевосита маъмурий жавобгарлик белгиланмаган. Янги қонун ушбу ҳуқуқий бўшлиқни бартараф этишга қаратилган.

2026 йил 1 май ҳолатига кўра, Ўзбекистонда меҳнат фаолиятидан даромад олиб, солиқ тўлаётган 36 мингдан ортиқ хорижий фуқаро бўлган. Бироқ уларнинг атиги 9 514 нафарида ишлаш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлган.

Сенаторлар қонунни амалиётга самарали татбиқ этиш, хорижий фуқаролар ва иш берувчиларни меҳнат фаолиятига оид талаблардан хабардор қилиш, шунингдек, масъул идоралар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлаган.

    Бошқа янгиликлар