АсосийДУНЁ

Болгарияда 86 та машина тўқнашди: 12 киши ҳалок бўлди

Болгарияда қуюқ туман шароитида 86 та транспорт воситаси иштирокида иккита йирик ЙТҲ содир бўлди. Ҳодисалар оқибатида 12 киши ҳалок бўлди, 46 нафар жабрланувчи шифохонага ётқизилди.

'Болгарияда 86 та машина тўқнашди: 12 киши ҳалок бўлди'ning rasmi

10 ноябрь куни эрталаб Болгариянинг "Тракия" автомагистралида, Ямбол шаҳри яқинида иккита йирик йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Оқибатда 12 киши ҳалок бўлди, яна ўнлаб одамлар жароҳатланди. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазири Катя Ивковага таяниб, "24 часа" нашри хабар берди.

Вазирнинг маълум қилишича, 10 киши ҳодиса жойида, яна икки киши шифохонада вафот этган. Жами 46 нафар жабрланувчи тиббиёт муассасаларига етказилган. Уларнинг бир нечтаси реанимация бўлимида қолмоқда.

Биринчи тўқнашув маҳаллий вақт билан соат 07:10 атрофида автомагистралнинг Бургас йўналишида юз берган. Орадан кўп ўтмай, йўлнинг қарама-қарши — София томон ҳаракатланувчи қисмида ҳам бир нечта автомобиль тўқнашган. Ҳодиса вақтида ҳудудда қоронғилик ва қуюқ туман кузатилган.

"Сега" нашри маълумотларига кўра, аварияларда жами 86 та транспорт воситаси, жумладан, енгил автомобиллар, микроавтобуслар ва оғир юк машиналари иштирок этган.

Тўқнашув оқибатида айрим одамлар шикастланган автомобиллар ичида қисилиб қолган. Қутқарувчилар уларни олиб чиқиш учун йўл тўсиқларининг бир қисмини демонтаж қилишга мажбур бўлган. Қутқарув ишларига қўшни ҳудудларнинг фавқулодда вазиятлар хизматлари ва ҳарбийлар ҳам жалб этилган.

Ҳодиса сабабли автомагистралнинг ҳар икки йўналиши бўйича ҳаракат тўхтатилган, транспорт воситалари айланма йўлларга йўналтирилган. Оғир аҳволдаги жароҳатланганларни София шифохоналарига етказиш учун ҳарбий ва ҳукумат самолётлари тайёрланган.

Дастлабки маълумотларга кўра, аварияга кўриш масофасининг кескин қисқариши, йўлнинг намлиги ва об-ҳаво шароитига мос бўлмаган тезлик сабаб бўлган бўлиши мумкин. Ҳодисанинг аниқ сабаблари юзасидан текширув олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар