Франциядаги супермаркетларда юзлаб музлаткичларни ишдан чиқарган киберҳужумлар ортида Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси билан боғлиқ "Шаҳид Каве" хакерлик гуруҳи турган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Франция Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
Маълумотларга кўра, киберҳужумлар оқибатида Франция бўйлаб 700 дан ортиқ савдо нуқтаси зарар кўрган. Етказилган зарар ўнлаб миллион евро миқдорида баҳоланмоқда.
Франция Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида ушбу ҳужумлар кўлами ва тажовузкорлик даражаси бўйича мисли кўрилмагани, мамлакат тарихида фақат саботаж мақсадида амалга оширилган илк киберҳужумлар кампанияси экани таъкидланган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари "Шаҳид Каве" гуруҳи раҳбарларига нисбатан тергов бошлаган. Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро эса супермаркетларга қилинган киберҳужумларга алоқадор барча шахсларга нисбатан Европа Иттифоқи даражасида санкциялар жорий этилишини ваъда қилган.
Эслатиб ўтамиз, 12 октябрь куни тунда хакерлар Франция супермаркетларидаги музлаткичларни бузиб кириб, уларни муздан тушириш режимига ўтказган ва ҳароратни 50 даражагача кўтарган. Оқибатда маҳсулотлар яроқсиз ҳолга келган, айрим дўконларда эса ёнғинлар содир бўлган.
Кейинчалик Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатларидаги савдо тармоқлари ҳам шунга ўхшаш киберҳужумларга дуч келган.






