Исроил бош вазири Бенямин Нетаньяҳу АҚШ президенти Дональд Трампга ҳар куни қўнғироқ қилиб, уни Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлашга чақирмоқда. Бу ҳақда хорижий манбага таяниб Zamon.uz хабар берди.
Нашр манбасининг таъкидлашича, Трамп маъмурияти ичида ҳам, ундан ташқарида ҳам АҚШнинг Эронга қарши янги уруш бошлашига қарши кучлар бунга йўл қўймасликка ҳаракат қилмоқда. Минтақадаги давлатлар раҳбарлари ҳам Америка президентига вазиятни янада кескинлаштирмасликни маслаҳат бермоқда.
Financial Times маълумотларига кўра, араб ва мусулмон давлатлари етакчилари Нетаньяҳунинг Трампни Эронга қарши ҳарбий амалиётларни қайта бошлашга ундаётганидан хавотирда.
Эслатиб ўтамиз, 28 февраль куни АҚШ ва Исроил Эронга қарши қўшма ҳарбий операция бошлаган эди. Бу воқеа АҚШ ва Эрон ўртасида Уммон воситачилигида ўтказилган ядровий музокаралар муваффақиятсиз якунланганидан кейин содир бўлган.






