АсосийДУНЁ

Покистонда тўғон ҳимоя тўсиғи қулаб, қурилиш майдонини сув босди

Ҳодиса вақтида бир ишчини кучли сув оқими олиб кетган, бироқ у қутқариб қолинган.

'Покистонда тўғон ҳимоя тўсиғи қулаб, қурилиш майдонини сув босди'ning rasmi

Покистоннинг Хайбер-Пахтунхва вилоятидаги Тарбела тўғони ҳудудида ҳимоя тўсиғи қулаб тушиши оқибатида қурилиш майдонини сув босди. Ҳодиса вақтида бир ишчини кучли сув оқими олиб кетган, бироқ у қутқариб қолинган. Ҳалок бўлганлар йўқ. Бу ҳақда Dawn хабар берди.

Ҳодиса 9 ноябрь куни юз берган. Оқибатда қурилаётган тоннель ва электр станцияси биносига сув кирган. Қурилиш ишлари вақтинча тўхтатилиб, барча ишчилар хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган.

Покистоннинг Сув ва энергетика бошқармаси (WAPDA) ҳодисага тоннель қазиш жараёнида тоғ жинсларининг заиф қатлами ўпирилиб тушганини сабаб қилиб кўрсатди. Расмийларга кўра, асосий тўғон ва бошқа муҳим иншоотларга зарар етмаган. Айни пайтда ҳудуддаги сувни чиқариб ташлаш ишлари олиб борилмоқда.

Маҳаллий ҳокимият тўғондан қуйи ҳудудларда сув тошқини хавфи йўқлигини билдирган. Шу билан бирга, Ҳинд дарёсида сув сатҳи кўтарилиши мумкинлигидан огоҳлантириб, аҳолини дарёда чўмилмаслик ва қайиқда сузмасликка чақирган.

Таъкидланишича, Тарбела ГЭСида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида янги қурилмалар ўрнатилмоқда. Лойиҳа якунлангач, станция қуввати яна 1530 мегаваттга ошади. Аввалги ўпирилишлар сабаб лойиҳани тугаллаш муддати 2026 йилдан 2028 йилга кўчирилган.

    Бошқа янгиликлар