АсосийДУНЁ

Nvidia раҳбари жосуслик можароси марказида: компания Хуангни текширмоқда

Nvidia директорлар кенгаши компания асосчиси ва бош директори Женсен Хуангга нисбатан мустақил текширув бошлади.

'Nvidia раҳбари жосуслик можароси марказида: компания Хуангни текширмоқда'ning rasmi

Nvidia директорлар кенгаши компания асосчиси ва бош директори Женсен Хуангга нисбатан мустақил текширув бошлади. Бунга унинг Хитой разведкаси билан алоқадорликда гумонланаётган Элис Хуанг билан яқин муносабатда бўлгани ҳақидаги хабарлар сабаб бўлди.

The New York Times нашрининг ёзишича, АҚШ разведкаси Элис Хуангни Пекин манфаатлари учун ишлаган деб ҳисоблайди. У Сингапурдаги Megaspeed компанияси раҳбарларидан бири бўлган. Мазкур компания Nvidia чипларини сотиб олган ва уларни Хитойга етказишда гумон қилинган.

Женсен Хуанг 8 ноябрь куни ходимларга йўллаган мактубида рафиқасига хиёнат қилганини тан олиб, оиласидан узр сўраган. Шу билан бирга, Nvidia манфаатлари ва АҚШ миллий хавфсизлигини ҳимоя қилишга содиқлигини билдирган. Компания текширув давомида унинг лавозимида қолишини маълум қилган.

АҚШ президенти Дональд Трамп Хуангни ҳимоя қилиб, уни «шарафли инсон» деб атаган. Бироқ АҚШ Конгресси ҳам компания раҳбаридан тушунтириш талаб қилмоқда. У 18 ноябрь куни ёпиқ брифингда Элис Хуанг билан алоқалари ва компаниянинг хавфсизлик чоралари юзасидан саволларга жавоб бериши кутилмоқда.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги эса жосуслик ҳақидаги айбловларни асоссиз деб атаб, рад этди.

Можаро Nvidia акцияларига ҳам таъсир кўрсатди. Reuters маълумотига кўра, 9 ноябрь куни компания акциялари Франкфурт биржасида 6 фоиздан кўпроқ арзонлашган. Бу Nvidia бозор қийматининг қарийб 270 миллиард долларга камайишига олиб келиши мумкин.

Nvidia сунъий интеллект учун чиплар ишлаб чиқаришда етакчи компаниялардан бири бўлиб, АҚШ ва Хитой ўртасидаги технологик рақобат марказида туради.

    Бошқа янгиликлар