АсосийДУНЁ

Ўзбекистонда кредит ва микроқарз рекламаларига янги талаб жорий этилди

Ўзбекистонда кредит ва микроқарз рекламаларида қарзни ўз вақтида тўламаслик молиявий хатарларга сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш бериш мажбурий этиб белгиланди.

'Ўзбекистонда кредит ва микроқарз рекламаларига янги талаб жорий этилди'ning rasmi

Ўзбекистонда кредит ва микроқарз рекламаларида қарзни ўз вақтида тўламаслик молиявий хатарларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш бериш мажбурий бўлди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, 10 ноябрь куни қабул қилинган ЎРҚ–1187-сонли қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Хусусан, «Реклама тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартишларга кўра, кредит, жумладан, микроқарз рекламаларида қарз мажбуриятларини бажармаслик молиявий хатарларни келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш бўлиши шарт.

Бунда огоҳлантириш реклама майдони ва эфир вақтининг камида 10 фоизини эгаллаши лозим.

Аввалроқ Марказий банк бошқарувининг тегишли қарори 30 сентябрь куни Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган эди. Унга кўра, банклар кредит рекламаларида қарзни ўз вақтида тўламаслик оқибатлари ҳақида мижозларни огоҳлантириши белгиланган.

Рақобат қўмитаси 2025 йил октябрь ойида кредит ва микроқарз рекламаларида асосий эътибор қарзни тез ва осон олиш имкониятига қаратилаётгани, бироқ бундай мажбуриятларнинг молиявий оқибатлари етарлича тушунтирилмаётганини билдирганди.

Шунингдек, 2026 йил 17 март куни Қонунчилик палатасидаги муҳокамаларда микроқарз рекламаларида истеъмолчиларга қарз олишнинг келгусидаги молиявий мажбуриятлари ҳақида етарли маълумот берилмаётгани қайд этилганди.

Бундан ташқари, июль ойида қабул қилинган президент қарори билан кредит ва насия савдо рекламаларида маҳсулот ёки хизматнинг якуний қийматини кўрсатиш мажбурияти ҳам белгиланган.

    Бошқа янгиликлар