АсосийБУ ҚИЗИҚ

Ўзбекистон аҳолиси 39,5 миллион нафардан ошди: туғилиш камаймоқда, ажрашиш кўпаймоқда

2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида 638,6 минг нафар чақалоқ туғилган, 36,8 минг оила эса ажрашган.

'Ўзбекистон аҳолиси 39,5 миллион нафардан ошди: туғилиш камаймоқда, ажрашиш кўпаймоқда'ning rasmi

2026 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси 39 миллион 535 минг кишидан ошди. Бироқ аҳоли ўсиши суръати секинлашган: жорий йилнинг январь–сентябрь ойларида туғилишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,9 фоизга камайган. Шу билан бирга, никоҳлар камайиб, ажрашишлар сони ортган. Бу ҳақда Статистика қўмитаси маълум қилди.

Қўмита маълумотларига кўра, аҳоли сони 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 1,8 фоизга кўпайган. Таqqослаш учун, 2024 йилнинг дастлабки тўққиз ойида ўсиш 2,1 фоизни, 2025 йилда эса 1,9 фоизни ташкил этган.

Ҳудудлар кесимида энг кўп аҳоли Самарқанд (4,4 миллион) ва Фарғона (4,3 миллион) вилоятларида яшайди. Энг кам аҳоли эса Сирдарё вилоятига тўғри келади — 965,4 минг киши.

Жорий йилнинг январь–сентябрь ойларида мамлакатда 638,6 минг нафар чақалоқ туғилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 26 минг нафарга кам. 2023 йилнинг дастлабки тўққиз ойида эса 716,9 минг нафар чақалоқ дунёга келган.

Шунингдек, жорий йилнинг тўққиз ойида 172 мингта никоҳ қайд этилган. Бу кўрсаткич 2024 йилда 179,4 мингта, 2025 йилда эса 177 мингтани ташкил этган. Аксинча, ажрашишлар сони ортиб, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида 36,8 мингтага етган. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 35,4 мингта бўлган.

Маълумот учун, 2026 йил 15 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистон аҳолиси 39 миллион 47 минг киши сифатида рўйхатга олинган. Шундан буён мамлакат аҳолиси қарийб ярим миллион нафарга кўпайган.

    Бошқа янгиликлар