АсосийДУНЁ

Россия Украина энергетика инфратузилмасига ҳужум қилди: икки киши ҳалок бўлди

Оқибатда бир қатор вилоятлардаги энергетика объектлари шикастланди, Винница вилоятида икки киши ҳалок бўлди.

'Россия Украина энергетика инфратузилмасига ҳужум қилди: икки киши ҳалок бўлди'ning rasmi

Россия армияси 10 ноябрга ўтар кечаси Украина ҳудудига ракета ва зарбдор дронлар билан ҳужум қилди. Оқибатда бир қатор вилоятлардаги энергетика объектлари шикастланди, Винница вилоятида икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда хорижий манбаларга таяниб Zamon.uz маълум қилди.

Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлиги маълумотига кўра, Россия ҳужум давомида битта «Искандер-М» баллистик ракетаси ва 162 та зарбдор дрондан фойдаланган. Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари 135 та дронни уриб туширган ёки зарарсизлантирган.

Қайд этилишича, 19 та ҳудудда дронлар нишонга теккан, яна тўққизта ҳудудда эса уриб туширилган аппаратлар қолдиқлари қулаган.

«Укрэнерго» компанияси маълумотига кўра, Киев, Харьков, Суми, Полтава, Днепропетровск, Винница, Черкасси ва Кировоград вилоятларидаги энергетика объектлари ҳужумга учраган. Бунинг оқибатида Днепропетровск, Донецк, Киев, Суми, Харьков ва Чернигов вилоятларида электр таъминотида узилишлар кузатилган.

Украина бош вазири Сергей Корецкий ҳужумлар жами 10 та вилоятга қаратилганини билдирди. Унинг айтишича, Полтава, Днепропетровск, Винница ва Кировоград вилоятларидаги бешта йирик энергетика подстанцияси ҳам зарар кўрган.

Винница вилоятининг Ладижин шаҳрида фуқаролик корхонасига берилган зарба оқибатида икки киши ҳалок бўлди. Вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Наталья Заболотная корхона биноси вайрон бўлгани, шунингдек, энергетика инфратузилмаси объектлари шикастланганини маълум қилди.

Киев вилоятида алоҳида ижтимоий ёрдам ва парваришга муҳтож фуқаролар яшайдиган бино ҳам ҳужумдан зарар кўрган. Оқибатда икки киши жароҳатланиб, шифохонага ётқизилган. Бинонинг бир қисми вайрон бўлган.

Бундан ташқари, Суми шаҳрида Россия дрони шаҳар атрофида ҳаракатланувчи электр поездига зарба берган. «Укрзализниця» темирйўл компанияси маълумотига кўра, ҳодиса вақтида поезд бекат платформасида турган, поезд бригадаси эса бошпанадан жой олган. Ҳужум оқибатида йўловчилар ва темирйўл ходимлари жабрланмаган.

    Бошқа янгиликлар