АсосийДУНЁ

Испанияда қўлбола қурилма портлаши оқибатида полиция ходими ҳалок бўлди

Ҳодиса отишма ҳақидаги чақирувга борган ходимлар шубҳали рюкзакни текшираётган вақтда содир бўлди.

'Испанияда қўлбола қурилма портлаши оқибатида полиция ходими ҳалок бўлди'ning rasmi

10 ноябрь куни Испания шимолидаги Овьедо шаҳрида қўлбола портловчи қурилма портлаши оқибатида Миллий полиция ходими ҳалок бўлди, яна бир ходим оғир жароҳатланди. Ҳодиса полициячилар Вильяфрия туманидаги отишма ҳақидаги чақирувга етиб борганидан сўнг юз берди. Бу ҳақда "Europa Press" Миллий полиция вакили Педро Агуадога таяниб хабар берди.

Дастлабки маълумотларга кўра, эрталаб бир эркак оилавий низо ортидан 17 ёшли қизга қарата ўқ узган. Жабрланувчининг отаси уни ўз машинасида шифохонага олиб боришга уринган, воқеа гувоҳлари эса полицияга қўнғироқ қилган.

Ҳодиса жойига келган полициячилар бинога кириш қисмида ичида милтиллаб турган чироғи бор шубҳали рюкзакни аниқлаган. Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида рюкзак кўчага олиб чиқилган.

Кейинроқ портловчи қурилмаларни зарарсизлантириш бўйича TEDAX бўлинмаси сапёрлари ва кинологлар рюкзакни текшираётган вақтда у портлаган. Оқибатда кинология хизматида ишлаган 60 ёшли кичик инспектор Хуанхо ҳалок бўлган. TEDAX бўлинмасининг 53 ёшли ходими эса оғир жароҳат олиб, оёғидан айрилган.

Отишмада жароҳатланган 17 ёшли қиз Астурия марказий шифохонасига олиб борилган. Унинг аҳволи яхши экани айтилмоқда.

Отишма ва портловчи қурилмани ўрнатишда гумонланаётган шахс ҳозирча қўлга олинмаган. Уни қидириш ишлари давом этмоқда. Портловчи қурилма қандай усулда ҳаракатга келтирилгани ҳам ҳозирча аниқланмаган.

    Бошқа янгиликлар