2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 17,6 трлн сўмга етди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 14,2 фоиз кўп.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ҳисобот даврида соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматлар ҳажми реал ҳисобда 14,2 фоизга ошган.
Кўрсатилган хизматларнинг асосий қисми бошқа соғлиқни сақлаш хизматлари ҳиссасига тўғри келган — 53,3 фоиз. Шифохона муассасалари хизматларининг улуши 32,3 фоизни, шифокорлик амалиёти ва стоматология хизматларининг улуши эса 14,4 фоизни ташкил этган.
Ҳудудлар кесимида энг катта кўрсаткич Тошкент шаҳрида қайд этилган. Пойтахтда соғлиқни сақлаш хизматлари ҳажми 8 трлн сўмга етган.
Кейинги ўринларда Тошкент вилояти — 1,8 трлн сўм, Самарқанд вилояти — 1,3 трлн сўм ва Фарғона вилояти — 1 трлн сўм билан қайд этилган.
Шунингдек, Наманган вилоятида 870,9 млрд сўм, Андижон вилоятида 796,9 млрд сўм, Бухоро вилоятида 609,2 млрд сўм, Хоразм вилоятида 591,7 млрд сўмлик хизматлар кўрсатилган.
Қашқадарё вилоятида бу кўрсаткич 553,2 млрд сўмни, Қорақалпоғистон Республикасида 525,1 млрд сўмни, Сурхондарё вилоятида 442,4 млрд сўмни ташкил этган.
Жиззах вилоятида 395,7 млрд сўм, Сирдарё вилоятида 307,5 млрд сўм ва Навоий вилоятида 296,3 млрд сўмлик соғлиқни сақлаш хизматлари кўрсатилган.
Қайд этиш жоизки, келтирилган рақамлар аҳолининг соғлиқни сақлаш хизматларига сарфлаган шахсий маблағларинигина эмас, балки соҳада кўрсатилган жами бозор хизматлари ҳажмини ифодалайди.






