АсосийЖАМИЯТ

Испанияда 14 йилдан бери кузатилмаган умуммиллий иш ташлаш ўтказилди

Испания Марказий банки баҳоларига кўра, мамлакатда тахминан 750 мингта уй-жой етишмайди.

'Испанияда 14 йилдан бери кузатилмаган умуммиллий иш ташлаш ўтказилди'ning rasmi

Испанияда уй-жой нархлари ва ижара ҳақининг кескин ошиши, шунингдек, ҳамёнбоп турар жойлар танқислигига қарши минглаб одамлар кўчага чиқди. 11 ноябрь куни мамлакат бўйлаб 14 йил ичидаги илк умуммиллий иш ташлаш ҳам ўтказилди. Бу ҳақда «Deutsche Welle» хабар берди.

Норозилик намойишлари Испаниянинг бир қатор йирик шаҳарларида бўлиб ўтди. Мадридда маҳаллий ҳокимият маълумотига кўра, акцияларда 120 минг киши қатнашган. Ижарачилар уюшмаси эса иштирокчилар сони 600 минг нафарга етганини билдирган. Барселонада полиция ҳисоб-китоби бўйича 55 минг киши намойишга чиққан.

Иш ташлаш бир кун давом этган бўлиб, мамлакатдаги турли соҳалар фаолиятига таъсир кўрсатган. Уй-жой инқирози, ижара нархларининг ошиши ва аҳоли турмуш харажатларининг ортиши норозиликларнинг асосий сабаблари бўлган. 

Намойишларнинг аксарияти тинч ўтган. Бироқ Барселонада акциялар якунланганидан кейин тартибсизликлар юзага келган. Юзларини беркитган шахслар бир нечта дўконнинг витриналарини синдирган, чиқинди қутиларига ўт қўйган ва полиция ходимларига петардалар отган. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари уларга қарши куч ишлатган.

Касаба уюшмалари иш ташлашни муваффақиятли деб баҳолаган. Хусусан, улар айрим тармоқларда ходимларнинг иштироки юқори бўлганини билдирган. Иш берувчиларни бирлаштирувчи ташкилотлар эса иш ташлашда ходимларнинг 5 фоизидан ками қатнашганини маълум қилган. 

Оммавий норозиликларга Мадридда 87 ёшли Марикармен Абаскалнинг ижарада яшаб келган уйидан кўчирилиши ҳам туртки бўлган. У 70 йил давомида мазкур хонадонда истиқомат қилган. Уй янги компания ихтиёрига ўтгач, ижара ҳақи кескин оширилган. 23 сентябрь куни аёл уйидан кўчирилган, 7 октябрь куни эса вафот этган. Унинг тақдири Испаниядаги уй-жой инқирозининг рамзига айланган. 

Испанияда уй-жой муаммоси сўнгги йилларда тобора кескинлашиб бормоқда. Уй-жой ва ижара нархлари аҳоли даромадларига нисбатан тезроқ ўсмоқда. Бу, айниқса, ёшларнинг мустақил ҳаёт бошлашига тўсқинлик қилмоқда. Кўпчилик ижара ҳақини тўлашга қурби етмагани сабабли ота-онаси билан яшашда давом этмоқда.

Испания Марказий банки баҳоларига кўра, мамлакатда тахминан 750 мингта уй-жой етишмайди. 2028 йилга бориб бу танқислик 1 миллиондан ошиши мумкин. Бунга аҳоли ва мигрантлар сонининг ортиши, шунингдек, арзон уй-жойлар қурилиши талаб даражасида эмаслиги сабаб бўлмоқда. 

Қайд этилишича, Испания Бош вазири Педро Санчес парламентнинг ҳукумат таклиф қилган уй-жой бозори ислоҳотларини рад этишидан кейин муддатидан олдин парламент сайловларини ўтказишга қарор қилган. Сайловлар 29 ноябрь кунига белгиланган. 

    Бошқа янгиликлар