Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятининг собиқ ҳокими, давлат ва жамоат арбоби, меҳнат фахрийси Баҳриддин Рўзиев вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Баҳриддин Рўзиев жорий йилнинг 11 ноябрь куни 76 ёшида вафот этган.
У меҳнат фаолияти давомида давлат ва жамоат бошқаруви тизимида турли масъулиятли лавозимларда ишлаган. Жумладан, Конимех тумани ҳокими, 2002 йилдан 2008 йил декабрь ойига қадар эса Навоий вилояти ҳокими лавозимида фаолият юритган.
Президент ҳамдардлигида қайд этилишича, Баҳриддин Рўзиев мураккаб ўтиш даврида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, саноат ва ишлаб чиқариш соҳаларини кенгайтириш, иқтисодиётга инвестициялар жалб этиш, фермерлик ҳаракатини шакллантириш, воҳанинг экспорт имкониятларини ошириш ҳамда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш йўлида жонбозлик кўрсатган.
Шунингдек, унинг "Навоий" эркин индустриал-иқтисодий зонасини ташкил этиш, Навоий халқаро аэропорти негизида халқаро логистика марказини барпо қилиш ишларидаги хизматлари алоҳида эътироф этилган.
«Таниқли давлат ва жамоат арбоби, самимий ва камтарин инсон, ёшларнинг меҳрибон устози Баҳриддин Рўзиевнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади», дейилади Президент ҳамдардлигида.






