Исроил армияси Ғазо секторидаги ҲАМАС туннелларида фойдаланиш учун 1 мингтагача одамсимон робот сотиб олиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Келажакда ушбу роботларни жанговар ҳаракатларга жалб этиш имконияти ҳам кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда "Financial Times" хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, гап АҚШнинг "Foundation Future Industries" компанияси томонидан ишлаб чиқариладиган "Phantom MK1" русумли гуманоид роботлар ҳақида кетмоқда. Компанияга АҚШ Президенти Дональд Трампнинг ўғли Эрик Трамп инвестиция киритган.
Компания ҳаммуассиси ва президенти Майк ЛеБланнинг айтишича, Исроил ҳарбийлари билан музокаралар олиб борилмоқда. У роботлар Ғазо секторидаги туннелларда ҳаракатланиши, портловчи қурилмаларни аниқлаши ва тузоқларни зарарсизлантириши мумкинлигини билдирган. Шунингдек, келгусида улардан жанговар вазифаларда фойдаланиш имконияти ҳам муҳокама қилинмоқда.
Бироқ ҳозирча роботларни етказиб бериш бўйича шартнома имзолангани ёки уларни харид қилиш ҳақида якуний қарор қабул қилингани маълум эмас. Исроил армияси ва Мудофаа вазирлиги ҳам музокараларни расман тасдиқламаган.
Маълумот учун, "Foundation Future Industries" компанияси 2024 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг бош қароргоҳи Сан-Франциско шаҳрида жойлашган. Компания гуманоид роботларини саноат ва ҳарбий соҳаларда, жумладан, логистика ҳамда разведка вазифаларида қўллашни таклиф қилмоқда.
Компания маълумотларига кўра, "Phantom" роботлари жорий йилда Украинада ҳам синовдан ўтказилган. У ерда улар логистика ва разведка вазифаларида қўлланган. Бироқ роботларнинг бевосита жанговар ҳаракатларда иштирок этгани ҳақида маълумот берилмаган.
Эрик Трамп эса компаниянинг инвестори ва бош стратегик маслаҳатчиси ҳисобланади. Унинг вакиллари Трамп компаниянинг кундалик бошқаруви ҳамда давлат шартномалари бўйича қарорлар қабул қилишда иштирок этмаслигини билдирган.






