Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича ҳадли конвенцияси Томонлар конференциясининг 31-сессияси (COP31) доирасидаги нутқида Марказий Осиё мамлакатлари учун иқлим интеграцияси моделини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди. Шунингдек, у Ўзбекистоннинг экологик йўналишдаги мақсадлари ва амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Давлат раҳбари Ўзбекистон иқлим ўзгаришига қарши глобал саъй-ҳаракатларни изчил қўллаб-қувватлаётганини, мамлакатда «яшил» технологиялар ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга асосланган янги тараққиёт модели шакллантирилаётганини таъкидлади.
Қайд этилишича, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари чиқиндиларини 35 фоизга қисқартириш мақсадига белгиланган муддатдан олдин эришган. 2035 йилга қадар ушбу кўрсаткични 50 фоизга камайтириш вазифаси белгиланган.
Шунингдек, сўнгги ўн йилда иқтисодиётда сув истеъмоли қарийб икки баробарга, дарё ҳавзаларидан сув олиш ҳажми эса бешдан бир қисмга камайган. Суғориладиган ерларнинг 60 фоизида сув тежовчи технологиялар жорий этилган.
Мирзиёев келгуси йилдан Ўзбекистон Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик қилишини маълум қилди. Мамлакат трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш бўйича ушбу масъулиятли вазифани самарали амалга оширишга тайёр эканини билдирди.
Бундан ташқари, мамлакатда ерларни қайта тиклаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ўрмонзорлар майдони 6 миллион гектарга кенгайтирилган бўлиб, унинг учдан бир қисми Оролбўйи ҳудудига тўғри келади. Чиқиндилар билан ишлаш стратегияси ҳам жорий этилган. Ушбу соҳага 3 миллиард доллардан ортиқ инвестиция йўналтирилиши кўзда тутилган.
Президент экологик таълим масаласига ҳам алоҳида тўхталди. Унинг таъкидлашича, мамлакат аҳолисининг ҳар бешинчиси мактаб ўқувчиси ёки талабадир. Тизимли экологик таълим ва тарбия натижасида 2050 йилга бориб Ўзбекистон аҳолисининг тўртдан уч қисми табиатни муҳофаза қилиш бўйича етарли билимга эга бўлиши кутилмоқда.
Давлат раҳбари иқлим муаммоларини бирор давлат якка ҳолда ҳал қила олмаслигини қайд этди. Унинг айтишича, Марказий Осиёда музликларнинг эриши, сув танқислиги ва қурғоқчилик каби хавф-хатарлар кучайиб бормоқда. Бу эса минтақадаги барча давлатлардан ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишни талаб этади.
Шу муносабат билан Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёнинг иқлим интеграцияси моделини ривожлантириш ташаббусини илгари сурди. Ҳамкорликни учта асосий йўналишда йўлга қўйиш таклиф этилди.
Биринчи йўналиш — ахборот алмашинуви. Жаҳон метеорология ташкилоти кўмагида иқлим хавф-хатарлари ҳақида маълумот алмашиш инфратузилмасини яратиш зарурлиги таъкидланди.
Иккинчи йўналиш — технологиялар. Ўзбекистон ҳар йили ўтказадиган Марказий Осиё «ECO EXPO» кўргазмасини минтақа эҳтиёжларига мос замонавий экологик ечимлар тақдим этиладиган доимий инвестиция ва технологиялар майдонига айлантиришни режалаштирмоқда.
Учинчи йўналиш — молиялаштириш. Тараққиёт банклари ва ихтисослашган жамғармалар билан ҳамкорликда имтиёзли грантлар, шунингдек, «мовий» ва «арид» молиялаштириш механизмларини ўз ичига олган янги молиявий воситаларни ишлаб чиқиш таклиф қилинди.
Президент конференция иштирокчиларини иқлим интеграцияси моделини амалий ҳамкорликка айлантиришга чақирди. Шунингдек, мазкур ёндашувни ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашга тайёр бўлган бошқа минтақаларда ҳам жорий этиш таклифини билдирди.






