Мулоқотларда савдо-иқтисодий ҳамкорлик, инвестициялар ва сиёсий алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Словения билан ҳамкорлик
11 ноябрь куни Шавкат Мирзиёев Словения Президенти Наташа Пирц Мусар билан учрашди.

Суҳбат давомида ўтган йили Словенияга амалга оширилган ташриф чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш, шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўсганини мамнуният билан қайд этди. Транспорт, шаҳарсозлик, муҳим минерал ресурслар ва фармацевтика соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш, маданий ва туристик алмашинувларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Словения ўртасидаги шерикликни, жумладан, Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик доирасида янада мустаҳкамлашдан манфаатдорлик билдирилди.
Бангладеш билан муносабатлар
Шу куни Ўзбекистон Президенти Бангладеш Халқ Республикаси Бош вазири Ториқ Раҳмон билан ҳам учрашди.

Самимий мулоқотда икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Сўнгги йилларда икки томонлама алоқалар жадал ривожланаётгани ва товар айирбошлаш ҳажми ортиб бораётгани қайд этилди.
Учрашувда сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий шериклик ва саноат кооперациясини кенгайтириш, ўзаро ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитиш бўйича келишувга эришилди.
Бундан ташқари, халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш ҳамда минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.






