Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтаётган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича 31-конференцияси (COP31) доирасида Иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича Жаҳон саммитининг очилиш маросимида қатнашди.
11 ноябрь куни бўлиб ўтган тадбирда турли мамлакатларнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ҳамда молиявий институтлар вакиллари иштирок этди. Маросим якунида делегациялар раҳбарлари биргаликда суратга тушди.
"Барқарор, осойишта ва адолатли келажак сари" шиори остида ўтаётган саммит иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва глобал экологик мажбуриятларни бажариш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатларни жадаллаштиришга қаратилган.
COP31 конференцияси 9 ноябрь куни бошланган бўлиб, 20 ноябрга қадар давом этади. Унда Париж битимини амалга ошириш, иссиқхона газлари чиқиндиларини қисқартириш, иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш, иқлим молиясини кенгайтириш ва "яшил иқтисодиёт"га ўтиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Иқлим ўзгариши оқибатлари, жумладан, сув тақчиллиги, тупроқ деградацияси, музликларнинг эриши ва қурғоқчилик Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиё минтақаси учун ҳам долзарб аҳамиятга эга.
Саммит доирасида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳамкорлигида халқаро шериклар кўмагида ишлаб чиқилган "Марказий Осиёда иқлим ўзгаришига чидамли ландшафтлар" (CLiCA) минтақавий дастурига старт берилди.
Етти йилга мўлжалланган дастурни молиялаштириш учун жами 264,4 миллион евро йўналтирилиши режалаштирилган. Шундан 103,7 миллион евро Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Маблағлар ўрмон ва яйловларни тиклаш, қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгаришига мослашган ёндашувларни жорий этиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда қишлоқ аҳолисининг иқлим ўзгаришига мослашиш имкониятларини кенгайтиришга сарфланади.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон 2035 йилга қадар ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари чиқиндиларини 2010 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 50 фоизга қисқартиришни мақсад қилган.






