АсосийСИЁСАТ

Мирзиёев Марказий Осиё учун иқлим интеграцияси моделини таклиф қилди

Президент мамлакатда экологик барқарорликни таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ва натижаларга тўхталди.

'Мирзиёев Марказий Осиё учун иқлим интеграцияси моделини таклиф қилди'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев иқлим ўзгаришига қарши курашишда минтақа давлатлари ҳамкорлигини кучайтириш ташаббуси билан чиқди. Бунинг учун ахборот, технология ва молия йўналишларида ҳамкорликни йўлга қўйиш таклиф этилди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 11 ноябрь куни Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтказилаётган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича ҳадли конвенцияси томонлар конференциясининг 31-сессияси (COP31) доирасидаги Жаҳон етакчилари саммитида нутқ сўзлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари нутқининг аввалида Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғанга самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, конференцияга кўрилган тайёргарликни юқори баҳолади.

Мирзиёевнинг таъкидлашича, Ўзбекистон иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича глобал саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Мамлакат ўз тараққиёт моделини «яшил» технологиялар ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш тамойиллари асосида шакллантирмоқда.

Президент мамлакатда экологик барқарорликни таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ва натижаларга тўхталди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари чиқиндиларини 35 фоизга қисқартириш мақсадини белгиланган муддатдан олдин бажарган. Энди 2035 йилгача бу кўрсаткични 50 фоизга етказиш режалаштирилган.

Шунингдек, сўнгги ўн йилда иқтисодиётда сув сарфи қарийб икки бараварга, сув ҳавзаларидан олинадиган сув миқдори эса бешдан бир қисмга камайтирилган. Суғориладиган ерларнинг 60 фоизида сув тежовчи технологиялар жорий этилган.

Ерларни тиклаш ва кўкаламзорлаштириш ишлари натижасида мамлакатда ўрмонлар майдони олти миллион гектарга етказилган. Унинг учдан бир қисми Оролбўйи ҳудудига тўғри келади.

Давлат раҳбари экологик маданиятни шакллантиришда ёшлар тарбиясига ҳам алоҳида эътибор қаратди.

«Мамлакатимизда болаларнинг экологик тарбияси оила, маҳалла ва мактабдан бошланади. Ёш авлодга сувни тежаш, дарахтларни парвариш қилиш, атроф-муҳитни тоза ва озода сақлаш боғчаданоқ ўргатилади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Унинг қайд этишича, Ўзбекистон аҳолисининг ҳар беш нафаридан бири мактаб ўқувчиси ёки талабадир. Бу эса 2050 йилга бориб мамлакат аҳолисининг тўртдан уч қисми табиатга ғамхўрлик руҳида таълим олишини англатади.

Президент иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни бир давлатнинг ўзи ҳал қила олмаслигини таъкидлади.

"Марказий Осиёда музликларнинг эриши, сув танқислиги, қурғоқчилик каби хатарларнинг кўлами ортмоқда. Умумий таҳдидлар минтақа давлатларидан муштарак ҳаракатларни талаб қилади", — деди давлат раҳбари.

Шу муносабат билан Шавкат Мирзиёев минтақавий иқлим интеграцияси моделини ривожлантириш ташаббусини илгари сурди. Ушбу ҳамкорликни учта асосий йўналишда йўлга қўйиш таклиф этилди.

Биринчи йўналиш — ахборот алмашинуви. Бунда Жаҳон метеорология ташкилоти кўмагида иқлим хавф-хатарлари тўғрисидаги маълумотларни алмашиш инфратузилмасини яратиш таклиф қилинди.

Иккинчи йўналиш — технологиялар. Президент "Eco Expo" кўргазмасини минтақа эҳтиёжларига мос замонавий экологик ечимларни тақдим этадиган доимий инвестиция ва технологиялар майдонига айлантиришга тайёрлигини билдирди.

Учинчи йўналиш эса молиялаштириш билан боғлиқ. Тараққиёт банклари ва мақсадли жамғармалар билан ҳамкорликда имтиёзли грантлар, шунингдек, «мовий» ва «арид» молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилди.

Шавкат Мирзиёев нутқи якунида саммит иштирокчиларини иқлим интеграцияси моделини амалий мазмун билан бойитишга чақирди. Шунингдек, мазкур моделни дунёнинг бошқа манфаатдор минтақаларида ҳам қўллашни таклиф этди.

    Бошқа янгиликлар