Ўзбекистон Республикаси Биринчи хоними Зироат Мирзиёева Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтказилган юқори даражадаги учрашувда иштирок этди. Унда “Ноль чиқинди” (Zero Waste) глобал альянси ташкил этилгани эълон қилинди.
Мазкур альянс давлат ва ҳукумат раҳбарларининг рафиқаларини табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда чиқиндиларни камайтириш тамойилларини илгари суриш йўлидаги саъй-ҳаракатлар атрофида бирлаштиришга қаратилган.
Учрашувда сўзга чиққан Зироат Мирзиёева таклиф ва самимий меҳмондўстлик учун Туркия Биринчи хоними Эмине Эрдўғанга миннатдорлик билдирди. Шунингдек, унинг “Ноль чиқинди” ташаббусини халқаро миқёсда илгари суришга қўшаётган шахсий ҳиссасини алоҳида эътироф этди.
Зироат Мирзиёева альянс доирасида экологик таълимни ривожлантириш, ёшлар томонидан илгари сурилаётган экологик лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва амалга оширишга қаратилган бир қатор ташаббусларни илгари сурди.
Қайд этиш жоизки, мазкур учрашув Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг COP31 тадбирларида иштирок этиш учун Туркияга амалга оширган ташрифи доирасида бўлиб ўтди.






