АсосийЖАМИЯТ

Халқаро қидирувда бўлган ўзбекистонлик аёл Грузиядан Қозоғистонга экстрадиция қилинди

У Қозоғистон Бош прокуратураси сўровига асосан ушбу мамлакатга экстрадиция қилинди. Гумонланувчи 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

'Халқаро қидирувда бўлган ўзбекистонлик аёл Грузиядан Қозоғистонга экстрадиция қилинди'ning rasmi

Грузиядан Қозоғистонга трансмиллий уюшган жиноий гуруҳ фаолиятида иштирок этиш ва қўшмачиликда гумонланаётган Ўзбекистон фуқароси экстрадиция қилинди. Бу ҳақда Қозоғистон Бош прокуратурасига таяниб, KazTAG хабар берди.

Тергов маълумотларига кўра, аёл уюшган жиноий гуруҳнинг бошқа аъзолари билан биргаликда фоҳишалик ва жинсий характердаги бошқа хизматлар билан шуғулланган шахслардан интернет-сайтдаги анкеталарини илгари суриш ва реклама қилиш учун пул қабул қилган.

Гуруҳ аъзолари келиб тушган маблағлардан комиссия ушлаб қолиб, қолган қисмини сайт ташкилотчиларига ўтказиб турган. Шу орқали қўшмачилик билан боғлиқ ноқонуний схема фаолияти таъминланган.

Қайд этилишича, жиноий гуруҳнинг бир қатор аъзолари аввалроқ турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинган. Гуруҳнинг айрим аъзолари, жумладан, Ўзбекистон фуқароси ҳам жиноий таъқибдан яширингани сабабли халқаро қидирувга берилган.

Жорий йил июль ойида у Грузия ҳудудида қўлга олинган ва Қозоғистон Бош прокуратураси сўровига асосан ушбу мамлакатга экстрадиция қилинган.

Ҳозирда гумонланувчи тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган. Унга қўйилаётган айбловлар бўйича 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

    Бошқа янгиликлар