24 декабрдан Тошкент шаҳрида автомобилларни эвакуация қилиш ва жарима майдончалари фаолияти янги қоидалар асосида амалга оширилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази матбуот хизмати хабар берди.
Шу санадан Ҳукуматнинг 508-сон қарори кучга киради. Унга кўра, амалдаги эвакуация тизими такомиллаштирилиб, жараён ягона электрон тизим орқали амалга оширилади.
Янги тартибга кўра, ҳайдовчи эвакуация бошланишидан олдин қайтиб келиб, қоидабузарликни бартараф этса, унинг автомобили жарима майдончасига олиб кетилмайди. Бироқ автомобиль ортиш жараёни бошланганидан кейин эвакуацияни тўхтатиш мумкин бўлмайди.
Автомобилни сақлаш учун тўлов уни юклаш бошланган вақтдан ҳисобланади ва ҳар бир сутка учун ундирилади. Машинани жарима майдончасидан олиш учун электрон тизим орқали берилган QR-рухсатнома талаб этилади.
Агар автомобиль олти ой давомида олиб кетилмаса, қарз мажбурий тартибда ундирилади. 12 ойдан кейин эса суд қарори билан автомобиль эгасиз деб топилиши мумкин.
Янги тартибда белгиланган энг юқори тарифлар қуйидагича:
-
автомобилни эвакуация қилиш — ҳар бир километр учун 88 минг сўмгача, бироқ умумий сумма 1 миллион 760 минг сўмдан ошмаслиги керак;
-
жарима майдончасида сақлаш — ҳар бир сутка учун 88 минг сўмгача.
ЦОДД ҳайдовчиларни автомобиль тўхтатиш қоидаларига риоя қилишга чақирди. Марказ таъкидлашича, битта автомобиль 8–12 квадрат метр жойни эгаллайди. Уни тротуарга қўйиш эса пиёдалар учун мўлжалланган ҳудудни қисқартиради.
Ҳайдовчиларга автомобиль учун рухсат этилган жойни танлаш, зарур бўлса, бироз узоқроқда тўхтаб, манзилга пиёда бориш ёки жамоат транспортидан фойдаланиш тавсия этилди.






