Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2027 йил учун тузилган дунёнинг энг нуфузли 500 нафар мусулмони рейтингида 40-ўриндан жой олди. Бу ҳақда Иорданиядаги Подшоҳлик ислом стратегик тадқиқотлар маркази (RISSC) томонидан тайёрланган "The Muslim 500" нашрида маълум қилинди.
Нашрда Мирзиёевнинг 2016 йилдан буён Ўзбекистон Президенти сифатида олиб бораётган фаолияти, "Янги Ўзбекистон" ислоҳотлари дастури ҳамда мамлакатдаги сиёсий ва иқтисодий ўзгаришларга алоҳида тўхталиб ўтилган.
Нашр муаллифлари Ўзбекистон раҳбарининг иқтисодий ислоҳотлар, жумладан, валютани эркинлаштириш, хорижий инвестициялар учун бозорни очиш, халқаро савдони кенгайтириш ва қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш борасидаги ташаббусларини қайд этган.
Шунингдек, давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш ва давлат хизматлари соҳаларидаги ўзгаришлар, пахтачиликда тизимли мажбурий меҳнатга барҳам берилгани ҳам Мирзиёев фаолиятининг муҳим натижалари сифатида келтирилган.
Рейтинг муаллифлари Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан муносабатлари яхшилангани, минтақавий савдо ва ҳамкорлик кенгайгани, мамлакатнинг ташқи сиёсати очиқлашганига ҳам эътибор қаратган.
Бундан ташқари, нашрда Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистоннинг тарихий ислом меросини тиклаш ва илмий салоҳиятини ривожлантириш борасидаги ишлари ҳам эътироф этилган.
Хусусан, масжидларни қуриш ва таъмирлаш, Ҳаж ва Умра зиёратлари учун имкониятларни кенгайтириш, муқаддас қадамжоларни қайта тиклаш каби ташаббуслар қайд этилган. Имом ал-Бухорий ва Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуалари, Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий илмий-тадқиқот марказлари шулар жумласидан.
Шу билан бирга, тарихий обидалар, музейлар ва таълим муассасаларига инвестиция киритиш орқали Ўзбекистоннинг ислом илм-фани ва цивилизацияси маркази сифатидаги халқаро нуфузини тиклашга интилиш ҳам алоҳида таъкидланган.
Рейтингдан Марказий Осиёнинг бошқа вакиллари ҳам ўрин олган. Жумладан, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, қозоғистонлик хонанда Димаш Қўдайберген ҳамда Тожикистон уламолар кенгаши раиси, муфтий Саидмукаррам Абдулқодирзода рўйхатга киритилган. Бироқ улар энг нуфузли 50 нафар мусулмон қаторига эмас, балки умумий 500 кишилик рўйхатга киритилган.
2027 йил учун тузилган рейтингда биринчи ўрин илк бор беш нафар шахсга биргаликда берилган. Улар Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдулазиз ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон, Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ва фельдмаршал Осим Мунир, шунингдек, Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғандир.
Рейтингда спорт ва санъат вакиллари ҳам бор. Жумладан, мисрлик футболчи Муҳаммад Салоҳ 39-ўринни эгаллаган. Ҳабиб Нурмагомедов, Ламин Ямал, Арда Гюлер, Шоҳрух Хон ва блогер Хаби Лейм ҳам дунёнинг энг нуфузли 500 нафар мусулмони рўйхатига киритилган.






