Ўзбекистонда 15 ёш ва ундан катта ҳар 100 нафар аҳолининг 12 нафари олий ва олий таълимдан кейинги маълумотга эга. Бу ҳақда бугун, 13 ноябрь куни Миллий статистика қўмитасида ўтказилаётган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Рўйхатга олиш натижаларига кўра, 15 ёш ва ундан катта аҳолининг 3 миллион 271,1 минг нафари ёки 12 фоизи олий ва олий таълимдан кейинги маълумотга эга. Шунингдек, ушбу ёш тоифасидаги аҳолининг 9 миллион 737,2 минг нафари ёки 35,8 фоизи ўрта махсус ва профессионал маълумотли.
Умумий ўрта маълумотга эга бўлганлар эса 11 миллион 626,5 минг нафарни ёки 42,8 фоизни ташкил этган. Яъни ҳар 100 нафар аҳолининг қарийб 43 нафари умумий ўрта маълумотга эга.
Қайд этилишича, ҳозирда Ўзбекистонда 7 ёш ва ундан катта 9 миллион 615,9 минг киши таълим ташкилотларида таҳсил олмоқда. Уларнинг 51,5 фоизи эркаклар, 48,5 фоизи эса аёллар ҳиссасига тўғри келади.
Олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётганлар сони 1 миллион 725,9 минг нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг 49 фоизи аёллардир.






