АсосийДУНЁ

Москвада Украина собиқ бош вазирининг собиқ матбуот котиби автомобили портлади

Ҳодиса оқибатида 72 ёшли журналист жароҳатланган, портлаш юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

'Москвада Украина собиқ бош вазирининг собиқ матбуот котиби автомобили портлади'ning rasmi

13 ноябрь куни Россия пойтахти Москва шаҳрида Toyota русумли автомобиль портлади. Россия оммавий ахборот воситаларига кўра, машина Украина собиқ бош вазири Николай Азаровнинг собиқ матбуот котиби Сергей Заворотнийга тегишли бўлган.

"Mash" Telegram-каналининг хабар беришича, портлаш Москва шаҳрининг Чертаново туманидаги Кировоградская кўчасида, турар жой биноси яқинида содир бўлган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳодиса жойида газ портлашига ўхшаш кучли гумбурлаш овози эшитилган.

SHOT нашри ёзишича, қора рангли Toyota русумли автомобиль ҳовлидан чиққач, тахминан 200 метр юрганидан сўнг портлаган. Ҳодиса оқибатида ҳайдовчи жароҳатланган. Портлаш тўлқини уни йўлнинг қатнов қисмига улоқтириб юборган. Унга тиббий ёрдам кўрсатилган.

Telegram-канал маълумотларига кўра, портлаган автомобиль 72 ёшли журналист, тарих фанлари номзоди Сергей Заворотний номига расмийлаштирилган. У Украина собиқ бош вазири Николай Азаровнинг матбуот котиби бўлиб ишлаган. Хабарларда жабрланувчининг кўкрак қафаси ва орқа қисми, шунингдек, оёқларида жароҳатлар борлиги айтилган.

"База" нашри портлашнинг дастлабки сабаби сифатида автомобиль остига ўрнатилган қўлбола портловчи қурилмани кўрсатган. Нашрнинг ёзишича, Заворотний 2004 йилга қадар Россия Федерацияси Давлат думасида ҳам фаолият юритган.

Россия Тергов қўмитаси матбуот хизмати RIA Novosti агентлигига Москвадаги Кировоградская кўчасида автомобиль портлаганини тасдиқлаган. Ҳодиса жойига Тергов қўмитасининг Москва бўйича бош тергов бошқармаси терговчилари етиб борган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

    Бошқа янгиликлар