Туркиялик актриса Неслихан Атагул Бурак Ўзчивит билан биргаликда бош ролни ижро этган "Севги изтироби" сериали йиллар ўтишига қарамай, хорижлик томошабинлар орасида ҳамон машҳурлигини йўқотмагани ҳақида гапирди.
Суҳбат давомида актрисага сериал Россияда ҳам катта қизиқиш билан томоша қилингани, ҳатто айрим ота-оналар янги туғилган фарзандларига сериал бош қаҳрамонлари Нихон ва Камолнинг исмларини бераётгани айтилди.
Бу маълумотни эшитган Неслихан Атагул ҳайрат ва хурсандчилик билан муносабат билдирди.
“Жуда яхши! Қандай ажойиб! Нихон ва Камол! Буни эшитишнинг ўзиёқ инсонга қувонч бағишлайди. Демак, томошабинлар қаҳрамонларни шу қадар яхши кўриб қолишган”, — деди актриса.
Шунингдек, у сериал қаҳрамонларининг исмлари бошқа мамлакатларда ҳам болаларга берилаётгани ижодкорлар учун қувонарли ҳолат эканини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, "Севги изтироби" сериалида Неслихан Атагул Нихон, Бурак Ўзчивит эса Камол образини ижро этган. Сериал халқаро миқёсда ҳам катта шуҳрат қозониб, Туркиянинг энг машҳур телелойиҳаларидан бирига айланган.






