АсосийДУНЁ

АҚШдаги отишмада беш киши жароҳатланди, бир киши ҳалок бўлди

Полиция хабар беришича, гумонланувчи квартира ичида ўзини қамаб олганидан сўнг ўз жонига қасд қилган.

'АҚШдаги отишмада беш киши жароҳатланди, бир киши ҳалок бўлди'ning rasmi

АҚШ пойтахти Вашингтон шаҳрида 12 ноябрь куни спорт залларидан бирида содир этилган отишма оқибатида бир киши ҳалок бўлди, яна беш киши жароҳатланди. Ҳужумни амалга оширган 55 ёшли шифокор кейинчалик ўзини ҳам отиб ўлдирди. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳодиса Оқ уйдан қарийб 1,6 километр шимолда жойлашган Логан-Серкл маҳалласида содир бўлган. Пентхаус хонадондаги яшаш шароити, жумладан, моғор ва намлик муаммолари сабабли бино маъмурияти билан узоқ вақтдан бери судлашиб келган 55 ёшли шифокор Мэтт Ламберт спорт залида бино бошқарувчисини отиб ўлдирган.

Шундан сўнг у воқеа жойидан қочиб, бир неча дақиқа ичида ўз хонадон айвонидан яна тўрт кишига қарата ўқ узган. Жабрланганларнинг уч нафари ҳаёт учун хавфли бўлмаган жароҳатлар олган, яна бир кишининг аҳволи оғир бўлган.

Вашингтон полиция бошқармаси раҳбари вазифасини бажарувчи Жеффри Кэрролнинг айтишича, Ламберт учта қурол билан ҳужум қилган. У кейинчалик ўз хонадонида полиция ходимлари билан телефон орқали гаплашиб турган вақтда ўзини отиб ўлдирган.

Спорт залида ҳалок бўлган шахс 46 ёшли Жеймс Стюарт экани аниқланган. У бино бошқарувчиси бўлган.

Полиция маълумотларига кўра, отишма беш дақиқадан камроқ вақт давом этган. Ҳодисадан сўнг кўплаб полиция ходимлари воқеа жойига етиб келган, атрофдаги ҳудуд ўраб олинган. Шунингдек, хавфсизлик чораси сифатида яқин атрофдаги мактабларда ўқувчиларнинг бинолардан чиқишига чеклов қўйилган.

Тергов маълумотларига кўра, Ламберт 2024 йилдан бери ўзининг еттинчи қаватдаги хонадонида моғор, намлик ва сув сизиб чиқиши билан боғлиқ муаммолар борлигини айтиб, бино маъмуриятини судга берган. У хонадонидан тўлақонли фойдалана олмаётганини даъво қилган. Суд жараёни эса давом этаётган бўлган.

Воқеа вақтида спорт залида бўлган Жеймс Спеллманнинг сўзларига кўра, отишма бошланганида у ерда 50 га яқин киши бўлган. Унинг айтишича, ўқ овозлари янграганидан бир неча сония ўтиб, бир эркак ерга йиқилган ва унинг атрофида қон кўлмаги пайдо бўлган. Залга келганлардан бири унга ёрдам беришга уринган, бироқ эркак воқеа жойида ҳалок бўлган.

Шунингдек, Ламберт ўз хонадонида газ қувурини кесиб, ёнғин чиқарган. Ёнғин автоматик сув пуркаш тизими ишга тушиши натижасида тезда бартараф этилган.

    Бошқа янгиликлар