Покистоннинг шимоли-ғарбида полиция карвонига уюштирилган қуролли ҳужум оқибатида саккиз нафар полиция ходими ҳалок бўлди, яна 13 нафари жароҳатланди. Бу ҳақда AFP агентлиги хабар берди.
Ҳодиса 11 ноябрь куни Хайбер-Пахтунхва вилоятининг Кохат туманида содир бўлган. Полиция ходимлари Гумбат шаҳри яқинидаги ноқонуний олтин қазиб олиш фаолиятига қарши операция ўтказиш учун йўлга чиққан вақтда қуролли шахслар уларга ҳужум қилган.
Ҳужум давомида икки полиция автомобили ёқиб юборилган. Яна икки хизмат машинаси ва бир фуқаролик автомобили бедарак йўқолган. Вилоят хавфсизлик хизмати вакили ҳам саккиз нафар полиция ходими ҳалок бўлганини тасдиқлаган.
Ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.
Маълумот учун, Хайбер-Пахтунхва вилоятида хавфсизлик кучлари қуролли гуруҳларга қарши кураш олиб бормоқда. Покистон ҳукумати ушбу гуруҳлар Афғонистон ҳудудидан фаолият юритаётганини даъво қилса, Толибон ҳукумати бу айбловларни рад этиб келади.
Икки давлат ўртасидаги муносабатлар 2021 йилда Толибон Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаганидан кейин кескинлашган. 2025 йил октябридаги қонли чегара тўқнашувлари ва 2026 йил февралидаги янги кескинлик вазиятни янада оғирлаштирган.






