АсосийДУНЁ

Microsoft хизматларидаги глобал носозлик 70 дан ортиқ мамлакатга тарқалди

Оқибатда авиакомпаниялар, давлат идоралари, тиббиёт ва темирйўл тизимларида узилишлар кузатилди. Корпорация 12 соатдан ортиқ вақт ўтса-да, хизматлар фаолиятини тўлиқ тиклай олмади.

'Microsoft хизматларидаги глобал носозлик 70 дан ортиқ мамлакатга тарқалди'ning rasmi

12 ноябрь куни Microsoft корпорациясининг бир қатор хизматларида кенг кўламли носозлик кузатилди. Оқибатда Outlook электрон почтаси, Teams корпоратив платформаси ва Copilot сунъий интеллект ёрдамчиси фаолиятида узилишлар юзага келди. Носозлик дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатидаги фойдаланувчиларга таъсир кўрсатди. Бу ҳақда Meduza хабар берди.

Дастлабки узилишлар Шимолий ва Жанубий Америкада қайд этилди. Downdetector маълумотларига кўра, бир соат ичида америкалик фойдаланувчилардан Outlook фаолиятидаги муаммолар бўйича 130 мингдан ортиқ шикоят келиб тушган. Носозлик OpenAI ва Anthropic каби сунъий интеллект компанияларининг фаолиятига ҳам таъсир кўрсатди.

Кейинчалик муаммолар бошқа қитъаларга ҳам тарқалди. Австралияда Федерал полиция ва контрразведка тизимларида узилишлар кузатилди. Буюк Британия Миллий соғлиқни сақлаш хизмати электрон почтадаги носозликлар туфайли айрим беморлар дори-дармон рецептларини ўз вақтида ололмаслиги мумкинлигидан огоҳлантирди.

Японияда эса вазирлик ва идораларни боғловчи ҳукумат алоқа тармоғи ишдан чиқди. Бунинг оқибатида амалдорлар қоғоз ҳужжатлар билан ишлашга, Европа биржалари контрагентлари эса телефон орқали мулоқот қилишга мажбур бўлди.

Шунингдек, Ҳиндистоннинг IndiGo, Akasa Air ва Air India, Жанубий Африканинг CemAir авиакомпаниялари мижозларга хизмат кўрсатиш тизимларида узилишлар бўлганини маълум қилди. Канада, Германия ва Буюк Британиядаги айрим темирйўл компаниялари ҳам шундай муаммоларга дуч келган.

Microsoft дастлаб носозликларни автоматик тиклаш механизмлари ишга туширилганини ва муаммо тез орада бартараф этилишини билдирган. Бироқ кейинчалик корпорация кўрилган чоралар кутилган натижани бермаганини маълум қилди.

13 ноябрь тонгида компаниянинг Х ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида тизим фаолиятида ижобий ўзгаришлар кузатилаётгани, бироқ айрим муаммолар ҳали ҳам сақланиб қолиши мумкинлиги айтилди.

Ҳозирча глобал носозликка нима сабаб бўлгани аниқ эмас. Microsoft ҳодиса хакерлар ҳужуми билан боғлиқ эканини кўрсатувчи ҳеч қандай аломат аниқланмаганини таъкидлади.

Қайд этилишича, бу Microsoft хизматларида 2026 йил давомида кузатилган иккинчи глобал носозликдир. Бундан аввал, январь ойида ҳам Microsoft 365 фаолиятида узилишлар юз берган.

Носозликлар фонида корпорация акциялари фонд бозорларидаги асосий савдо сессияси очилиши арафасида қарийб 3 фоизга арзонлашган.

    Бошқа янгиликлар