АсосийДУНЁ

Италияда кучли ёғингарчилик оқибатида сув тошқинлари ва кўчкилар юз берди

Италиянинг Лигурия минтақасида икки кундан ортиқ давом этган кучли ёғингарчилик сув тошқинлари ва кўчкиларга сабаб бўлди. Оқибатда 25 киши эвакуация қилинди, олтита автомобиль йўли ёпилди.

'Италияда кучли ёғингарчилик оқибатида сув тошқинлари ва кўчкилар юз берди'ning rasmi

Италиянинг Лигурия минтақасида кучли ёғингарчилик туфайли сув тошқинлари ва кўчкилар содир бўлди. Оқибатда Ла-Специя шаҳри ва унинг атрофидаги аҳоли пунктларида уйлар, кўчалар ва автомобиль йўлларига зарар етди. 25 киши хавфсизлик нуқтаи назаридан уйларини тарк этишга мажбур бўлди. Бу ҳақда хорижий манбаларга таяниб Zamon.uz хабар берди.

Кучли ёғингарчилик 11 ноябрь куни бошланиб, кейинги икки кун давом этган. Ла-Специя шаҳрида кўчалар ва биноларнинг қуйи қаватларини сув босган. Қутқарувчилар ертўлалар, омборхоналар ва савдо шохобчаларида тўпланган сувни чиқариш ишларини олиб борган. Тозалаш ишларига Италия ҳарбий-денгиз кучлари ҳам жалб этилган.

Шаҳарнинг Валделлора ҳудудида содир бўлган кўчки оқибатида иккита турар жой биноси хавф остида қолган. Шу сабабли тўққизта оилага мансуб 25 киши уйларидан эвакуация қилинган. Шунингдек, минтақадаги олтита автомобиль йўли кўчки ва йўл қопламасининг шикастланиши сабабли ёпилган.

Вазиятнинг янада оғирлашишига Магра дарёсида сув сатҳининг кескин кўтарилиши ҳам сабаб бўлган. 13 ноябрь куни дарёда сув сарфи секундига қарийб 2 минг куб метрга етган ва хавфли чегарадан ошган. Аркола ва бошқа аҳоли пунктларида дарё бўйида яшовчиларга эҳтиёт чораларини кўриш, айрим ҳудудларда эса уйларини тарк этиш тавсия қилинган.

Италиянинг метеорология ва атроф-муҳит мониторинги хизмати (Arpal) маълумотларига кўра, 12 ноябрь куни Кастельнуово-Магра ҳудудида 24 соат ичида 226 миллиметр ёғин ёққан.

13 ноябрь куни эрталабга келиб ёғингарчилик пасайган. Бироқ Лигуриянинг шарқий қисмида маҳаллий вақт билан соат 14:00 га қадар "тўқ сариқ" даражадаги об-ҳаво огоҳлантириши амал қилган. Мутасаддилар дарёлардаги сув сатҳи ва кўчки хавфи мавжуд ҳудудларни кузатишда давом этган.

    Бошқа янгиликлар