АсосийДУНЁ

АҚШда танкер билан тўқнашган круиз кемаси ағдарилиб кетди

Ҳодиса оқибатида круиз кемаси ағдарилиб, дарёга чўкиб кетди. Ўнлаб йўловчилар сувга тушиб кетган, 32 киши шифохонага ётқизилган.

'АҚШда танкер билан тўқнашган круиз кемаси ағдарилиб кетди'ning rasmi

АҚШнинг Луизиана штатидаги Нью-Орлеан шаҳри яқинида Миссисипи дарёсида танкер кемаси бандаргоҳда турган йўловчи круиз кемаси билан тўқнашди. Ҳодиса оқибатида круиз кемаси ағдарилиб, дарёга чўкиб кетди. Ўнлаб йўловчилар сувга тушиб кетган, 32 киши шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳодиса 13 ноябрь куни туш пайтида содир бўлган. Нью-Орлеан мэри Ҳелена Морено матбуот анжуманида «Atlantic Asphalt» танкери бошқарувни йўқотиб, бандаргоҳда турган «American Cruise Lines» компаниясига тегишли «American Heritage» йўловчи кемасига урилганини маълум қилган.

Тўқнашувдан кейин круиз кемаси сувга бота бошлаган. Йўловчилар кемани тарк этишга шошилган, бироқ у кўп ўтмай ағдарилиб, Миссисипи дарёсига чўкиб кетган. Ҳодиса вақтида ўнлаб одамлар сувга тушиб кетган.

Мэрнинг айтишича, тўқнашув пайтида йўловчи кемасида тахминан 180–190 нафар йўловчи ва экипаж аъзоси бўлган. Уларнинг 32 нафари турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган. Дастлабки маълумотларга кўра, жабрланганларнинг ҳеч бирининг аҳволи оғир эмас. Морено ҳодиса оқибатида ҳеч ким ҳалок бўлмаганини «Миссисипидаги мўъжиза» деб атаган.

Нью-Орлеан порт полицияси вакили Мелани Монтроллнинг маълум қилишича, кема ағдарилишидан олдин 87 нафар йўловчи ундан тушишга улгурган. Қолганларни қутқариш ишларида порт хизмати ходимлари, ўт ўчирувчилар ҳамда яқин атрофдаги бошқа кемаларда бўлган одамлар иштирок этган.

АҚШ соҳил қўриқлаш хизмати тўқнашувдан кейин ҳодиса содир бўлган ҳудудда дарё транспорти ҳаракати вақтинча тўхтатилганини билдирган.

Соҳил қўриқлаш хизмати капитани Мелани Бёрнҳемнинг айтишича, дастлабки тахминларга кўра, танкерда бошқарув тизими билан боғлиқ носозлик юзага келган бўлиши мумкин. Бироқ тўқнашувнинг аниқ сабаби ҳозирча маълум эмас. Ҳодиса юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

    Бошқа янгиликлар