АсосийДУНЁ

АҚШда авиация тизимидаги носозлик сабаб минглаб рейслар тўхтатилди

АҚШда ҳаво ҳаракатини бошқариш тизимидаги носозлик сабаб мамлакат бўйлаб парвозлар тўрт соатга тўхтатилди. Ҳодиса қарийб 10 мингта рейсга таъсир кўрсатиб, 1,5 миллионга яқин йўловчининг сафар режаларини бузди.

'АҚШда авиация тизимидаги носозлик сабаб минглаб рейслар тўхтатилди'ning rasmi

АҚШ Федерал фуқаро авиацияси бошқармаси 13 ноябрь куни мамлакат бўйлаб жорий этилган парвозларга тақиқни тўрт соатлик танаффусдан сўнг бекор қилди. Носозлик минглаб рейсларга таъсир кўрсатиб, турли штатлардаги юз минглаб йўловчиларга ноқулайлик туғдирди. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.

Маълум қилинишича, авиация маъмурияти маҳаллий вақт билан соат 15:54 да парвозларни тўлиқ тўхтатишга қарор қилган. Бунга ҳаво ҳаракатини бошқариш тизимидаги 22 та ҳудудий марказнинг алоқа, радар ва коммуникация тизимлари ишдан чиқиши сабаб бўлган.

Носозлик эскирган коммутатор ва маршрутизаторларга маълумотлар ҳаддан ташқари кўп юкланиши оқибатида юзага келган. Ускуналар нотўғри маълумот бера бошлаган. Бу қарор қарийб 10 мингта рейсга таъсир кўрсатган. Рейслари кечиктирилган ва бекор қилинган йўловчилар сони 1,5 миллионга яқинлашган.

Айни вақтда АҚШ ҳаво ҳудудида бўлган тахминан 4 мингта самолётга парвозни белгиланган жадвал асосида якунлашга рухсат берилган. Халқаро рейсларнинг мамлакатга қўниши эса алоҳида тартибда кўриб чиқилган.

АҚШ расмийларининг таъкидлашича, ҳозирча носозликка киберҳужум, сунъий интеллект билан боғлиқ муаммолар ёки хорижий давлатларнинг аралашуви сабаб бўлганини кўрсатувчи далиллар йўқ.

"Бизда ҳаво ҳаракатини бошқариш тизими ниҳоятда эскирган. Маршрутизаторлар ҳаддан ташқари юкланди ва нотўғри маълумотларни бера бошлади. Шу сабабли тизимни ўчириб қўйдик", — деди АҚШ транспорт вазири Шон Даффи.

Мутахассисларга носозлик сабабларини тўлиқ аниқлаш учун яна бироз вақт керак бўлади.

13 ноябрдаги ҳодиса АҚШда авиация алоқа ва бошқарув тизимларини модернизация қилиш заруратини яна бир бор кун тартибига олиб чиқди. Амалдаги режага кўра, Федерал фуқаро авиацияси бошқармаси модернизациянинг биринчи босқичини 2028 йил охиригача якунлаши керак.

    Бошқа янгиликлар