АсосийЖАМИЯТ

Исроил разведкаси Эрон Трампга суиқасд уюштириши мумкинлигидан огоҳлантирди — ОАВ

Трамп эса ўзига суиқасд уюштирилган тақдирда Эронга мисли кўрилмаган зарба бериш ҳақида кўрсатма қолдирганини айтган.

'Исроил разведкаси Эрон Трампга суиқасд уюштириши мумкинлигидан огоҳлантирди — ОАВ'ning rasmi

Исроилнинг "Моссад" разведка хизмати Эрон АҚШ Президенти Дональд Трамп ва унинг маъмуриятидаги юқори лавозимли амалдорларга суиқасд уюштиришни режалаштираётгани ҳақида Вашингтонни огоҳлантирди. Бу ҳақда «Israel Hayom» нашри хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, огоҳлантириш Ғарбнинг яна бир разведка хизмати томонидан ҳам тасдиқланган. Тегишли маълумотлар АҚШ разведкасига етказилган. Эҳтимолий ҳужумлар нафақат сиёсатчилар, балки юқори мартабали давлат амалдорларига ҳам қаратилган бўлиши мумкин.

Хабарда таъкидланишича, ҳужум воситаси сифатида портловчи моддалар билан жиҳозланган дронлардан фойдаланиш эҳтимоли кўриб чиқилмоқда.

Исроил томони АҚШнинг сўровидан сўнг маълумотларни қайта текширган. «Моссад» раҳбари Роман Гофман айни пайтда АҚШда бўлиб, Марказий разведка бошқармаси директори Жон Рэтклифф билан учрашган. Музокараларда икки давлат махсус хизматлари ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш масаласи муҳокама қилинган.

Шунингдек, ОАВ маълумотларига кўра, АҚШ Молия вазири Скотт Бессент, Давлат котиби Марко Рубио ва Пентагон раҳбари Пит Ҳегсет хавфсизлиги кучайтирилган объектларга кўчирилган. Дональд Трампнинг оммавий чиқишлари ҳам чекланган.

Эслатиб ўтамиз, июль ойида "The Wall Street Journal" нашри ҳам Эрон Трампга суиқасд уюштиришни режалаштираётгани ҳақида хабар берганди. Ўшанда АҚШ ушбу маълумотларни ишончли деб ҳисобламаган.

Теҳрон 2020 йилда Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси генерали Қосим Сулаймоний АҚШ зарбаси оқибатида ўлдирилганидан буён Вашингтондан қасос олишини бир неча бор билдириб келади.

Трамп эса ўзига суиқасд уюштирилган тақдирда Эронга мисли кўрилмаган зарба бериш ҳақида кўрсатма қолдирганини айтган.

    Бошқа янгиликлар