Францияда хизмат сафари давомида соғлиғи кескин ёмонлашиб, шифохонага ётқизилган Ўзбекистон фуқароси Ватанга қайтарилди. Бу ҳақда "Дунё" ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Э.Л. исмли фуқаро Европага юк автомобили ҳайдовчиси сифатида ишлаш учун борган. Бироқ Францияда бўлган вақтида унинг соғлиғи кескин ёмонлашган. Шундан сўнг у Лилль шаҳридаги шифохоналардан бирига ётқизилиб, узоқ вақт даволанган.
Бемор шифохонада бўлган даврда Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси унинг ўзи, тиббиёт муассасаси ва яқинлари билан мунтазам алоқада бўлиб, зарур ёрдам кўрсатган.
Оиласининг мурожаатидан сўнг элчихона "Ўзбекистон ҳаво йўллари" авиакомпанияси ҳамда Миграция агентлиги билан ҳамкорликда унинг Ватанга қайтишига кўмаклашган.
Жорий йилнинг 13 ноябрь куни Ўзбекистонга олиб келинган фуқаро Тошкентга етиб келгач, даволанишни давом эттириши учун тиббиёт муассасасига жойлаштирилган.
Қайд этилишича, Ўзбекистон дипломатлари хорижда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш ишларини давом эттирмоқда.






