Тошкент шаҳридаги Magic City истироҳат боғида Янги йил арчасининг очилиши ва байрам концерти вақтида кўплаб ёш болалар йўқолиб қолгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар расман рад этилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси маълум қилди.
Қайд этилишича, байрам тадбирлари сабаб истироҳат боғида одамлар гавжум бўлганига қарамай, болаларнинг бедарак йўқолгани ёки адашиб қолгани юзасидан ички ишлар органларига бирорта ҳам мурожаат келиб тушмаган.
Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган мазкур маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирган.
Шу муносабат билан фуқаролардан текширилмаган маълумотларга ишонмаслик ва тасдиқланмаган хабарларни тарқатмаслик сўралди. Бундай ахборотлар жамоатчилик орасида асоссиз хавотир ва саросима келтириб чиқариши мумкинлиги таъкидланди.






