Маълум қилинишича, ушланганлардан бири 1981 йилда туғилган бўлиб, Жиззах шаҳрининг Олмазор маҳалласида яшаган. У Жиззах газ таъминоти филиалининг Шароф Рашидов тумани газ таъминоти бўлимида ишловчи, 1992 йилда туғилган ҳамкасби билан тил бириктирган.
Улар Шароф Рашидов туманидаги Янги Диёр маҳалласида яшовчи фуқаронинг хонадонига газ ҳисоблагич ўрнатиб бериш ва ҳисоб рақами очишни ваъда қилган. Бунинг эвазига ундан 8 миллион сўм талаб қилинган.
Фуқаро сўралган маблағнинг 4,8 миллион сўмини олдиндан берган. Бироқ шахслар бу билан чекланмай, ундан яна 2 миллион сўм талаб қилган.
Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси тезкор ходимлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир давомида гумонланувчилар пулни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.






